Шавкат МИРЗИЁЕВ:
Ушбу қутлуғ айёмда сиз, заҳматкаш устозларга кўнглимизда, юрагимизда бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларни сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин, албатта. Чунки сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик - ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос - яхши тарбиядир.
1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни яқинлашаётган шу дамларда заҳматкаш ва олижаноб устозларимиз - ёшлар қалбига илм-фан зиёсини сингдираётган ва уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган фидойи инсонларга самимий табриклар ва эзгу тилаклар билдирилиб, юксак ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида чиройли гуллар берилаяпти.
Юртимиздаги минг-минглаб педагоглар сингари бу ёрқин сана арафасида Қарши давлат университетининг француз тили ва адабиёти кафедраси мудири Азиза Зоирова ҳам шогирдларидан кўплаб табриклар қабул қилмоқда. 2016 йилда Франция маданиятини дунё бўйлаб ёйишдаги хизматлари учун мазкур давлатнинг Академик пальмалар орденига сазовор бўлган бу муаллима жорий йилда яна бир қатор ютуқ ва муваффақиятларга сазовор бўлди. Январь ойида Азиза Зоирова "Француз феминист адибалар асарлари таржимасининг гинокритик тадқиқи (Жорж Санд ва Жермина де Стал асарлари таржимаси мисолида)"мавзусида диссертацияни ҳимоя қилди ва филология фанлари бўйича фалсафа доктори даражасига эга бўлди. Шу йил март ойида эса Президент фармонига биноан Азиза Зоирова II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирланди ва унга бу юксак мукофотни шахсан давлатимиз раҳбари топширди.