Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
13 июль, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

27.06.2024


Устозларни эслаб, фахрийларни эъзозлаб

Мусо Каромов, Қурбон Эгамбердиев, Абдуманнон Тўланов, Самад Қодиров,  Ҳазрат Суннатов, Бозор Эрқоров, Рўзи Нурматов, Самар Нуров, Сувон Соқиев,  Нарзулла Равшанов, Сайёра Зоирова, Тўра Бўриев, Исмоил Тўхтамишев, Эркин Жўраев, Самад Саломов, Музайям Мўйинова, Шавқил Нарзиев, Шодиой Мансурова, Ғози Раҳмонов...

Қашқадарёда журналистика ривожига улкан ҳисса қўшган бу фидойи инсонлар хотирасига бағишлаб маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан уюштирилган мазкур тадбир Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда оламдан ўтиб кетган устозларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари ҳамда бир гуруҳ фаол журналистлар иштирок этишди.

Тадбир аввалида марҳумлар хотирасига бағишлаб  Қуръон тиловат қилинди.

Сўзга чиққанлар матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ҳаётини ёритиш, ислоҳотларни янги босқичларга кўтаришдаги хизматлари ҳақида фикр юритиб, бу борадаги ишлари ҳар қанча эъзоз ва эҳтиромга лойиқ эканлигини, ҳаётини шу соҳага бағишлаб, ўзидан ёрқин из қолдирган марҳум журналистларнинг соҳа ривожига қўшган ҳиссаларини алоҳида эътироф этишди.

- Республикамизда Қашқадарё журналистикаси ўз ўрни ва ўз сўзи билан ажралиб туради,  -  деди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бошлиғи Комила Каромова. -  Бугун биз ёдга олаётган марҳум устозлар бу ўзига хос мактабнинг пойдеворини барпо этишган бўлса, шогирдлари унинг нуфузини янада ошириб келишмоқда. Ушбу тадбир,  ўйлайманки, ўтганлар ва бу ерда иштирок этаётган фахрий журналистларнинг ҳаёт йўлларини ёшларимиз учун ўрнак қилиб кўрсатиш нуқтаи назардан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир сўнгида марҳум журналистларнинг оила аъзолари, фахрийлар ва бир гуруҳ соҳа вакилларига ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo