Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

26.09.2024


УСТОЗЛИК - ҲИКМАТ ВА ҚИСМАТ


Айни пайтда вилоятдаги умумтаълим мактабларида 60 минг 501 нафар педагог ходим фаолият кўрсатиб турган бўлса, уларнинг 47 минг 618 нафари (78,7 фоиз) олий, 6 минг 842 нафари (11,3 фоиз) тугалланмаган олий, 6 минг 41 нафари (10 фоиз) ўрта махсус маълумотга эга.


Муҳаббат ШАРАПОВА, Ўзбекистон Қаҳрамони

Дил изҳори

Бугун Янги Ўзбекистоннинг замонавий демократик қиёфаси яратилмоқда. Мамлакатимиз янги ривожланиш босқичига чиқиши учун стратегик режа ишлаб чиқилган ва уни оғишмай бажаришга барча куч ва имкониятлар сафарбар этилаяпти. Табиийки, бугунги янгиланишлар, ўзгаришлар ҳар куни олдимизга янги талаб ва вазифаларни қўймоқда. Ана шундай муҳим бир паллада таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ва бу жабҳада яратиб берилаётган шарт-шароитлар, ўқитувчиларнинг қадрини юксалтириш борасида олиб борилаётган эзгу ишларни кузатиб, бир олий мақсадни ҳис қиламиз. Бу мақсад халқимизнинг умиди бўлган ёш авлодни ҳар томонлама етук бўлиб камол топишига эришиб, она Ватанимизнинг жаҳондаги мавқеи ва нуфузини оширишдан иборатдир.

Муҳтарам Президентимиз биз ўқитувчиларга юксак ишонч билдирар экан, "Мен янги Ўзбекистонни - обод ва фаровон, демократик мамлакатни барпо этишда сиз, муҳтарам педагогларни, профессор-ўқитувчиларни ўзим учун энг катта куч, таянч ва   суянч, деб биламан" дея таъкидлаган.

Ярим асрдан зиёд, аниқроғи, 53 йил муаллималик қилдим. Шу йилларда минглаб ота-оналарнинг энг ноёб гавҳарлари - фарзандларига сабоқ бердим. Бир пайтлар мендан таҳсил олган, турли олимпиада ва танловларда ғолиб бўлган севимли шогирдларим, билимдон ўқувчиларим айни пайтда мамлакатимиз ва хориждаги нуфузли олий ўқув  юртларини тамомлаб, турли жабҳаларда самарали фаолият юритишмоқда. Уларнинг ҳар бир ютуғидан қувониб, фахрланиб яшайман. Зеро, ўқитувчининг ҳақиқий бахти шогирдларининг камоли, ютуқлари ва мавқеи ошиб бораётганини кўришдадир. Тўғри, муаллималик менга шараф келтирди, аммо таълим соҳасида ярим асрдан зиёд ишлаган бўлсам-да, юртимиз ва халқимиз олдида қарзимни ҳали-ҳамон ўза олганим йўқ, деб ҳисоблайман.

Яхши эслайман, бир пайтлар мактабларда деярли фақат аёл ўқитувчилар қолганди. Эркак педагоглар олаётган маошлари билан оилани тебрата олмай, чет элга иш излаб кетиб қолишгани, қолаверса, кўпгина аёл  ўқитувчилар ҳам бошқа соҳаларга кетишга мажбур бўлишганининг гувоҳи бўлганман. Мактаб таълими ва умуман таълим соҳаси эътибордан четда қолиб, биргина касбига садоқатли инсонларнинг   фидойилигига суяниб қолганди.

Истиқлол шарофати билан  жонкуяр устозларнинг меҳнатлари эътироф этила бошланди. Биргина ўзимдан қиёс, мустақилликнинг биринчи йилидаёқ "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони  билан тақдирландим ва бу менинг ўқитувчилик   фаолиятим давомидаги биринчи рағбат эди. 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи, 1996 йилда "Меҳнат шуҳрати" орденига лойиқ топилдим. 2007 йилда "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" унвонига сазовор бўлдим. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз - мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик тўйи арафасида Президент фармонига кўра, "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан тақдирландим. Энг муҳими, мен ўз касбим ортидан жонажон Ватанимизнинг, она халқимизнинг юксак эътирофи ва эъзозига, шогирдларим эҳтиромига сазовор бўлдим. Бутун вужудим ва ақлу шууримни ўқитувчиликка бағишлаб, албатта, бахт ва шараф топдим.

Бир пайтлар Қашқадарё тарихида биринчи бўлиб математика фани чуқур ўргатиладиган синф очганман. Тўғри, бугун бу билан ҳеч кимни ҳайрон қолдириб бўлмайди, зеро, энди юртимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманида синф эмас, ҳатто ихтисослашган мактаблар ҳам бор ва уларда кўплаб фанлар жаҳон андазалари даражасида ўргатилмоқда. Бундан жудаям хурсандман, чунончи ҳозирги пайтда юртимизда таълим соҳасида рўй бераётган бу каби ўзгаришлар ўз вақтида дунё тамаддунидаги Уйғониш  даврларига пойдевор қўйган буюк аждодларимизнинг муносиб вориси - учинчи Ренессанс авлодининг пайдо бўлиши сари қўйилган катта қадамлардир. Бундай янгиликлардан руҳланиб, фарзандларимиз келажаги ишончли қўлларда эканлигини яна бир бор ҳис этаман. Узоқни кўзлаб иш олиб бораётган мамлакатимиз Президенти, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг мактаб ҳаёти ҳақидаги ҳар бир сўзлари дилимга жо бўлиб, қулоғим остида жаранглаб туради.

Айниқса, кейинги йилларда таълим соҳаси ходимларига алоҳида эътибор ва ғамхўрлик қаратилиб, Президентимизнинг "Жамиятдаги энг ҳурматли  инсон ўқитувчи бўлади", деган устувор ғояси ҳаётда ўз ифодасини топаётганидан беҳад мамнунман. Бу борадаги эзгу ишларнинг энг юксак чўққиси ўқитувчининг меҳнати мамлакатимиз янгиланган Конституциясида  жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилишида, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга Асосий Қонунимизнинг 52-моддасида "Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади" дея баён этилгани ҳам халқимиз ва Ватанимиз биз - педагогларни қанчалик ҳурмат қилиши ва қадрлашидан далолат беради. Ўз ҳаётини ўқитувчилик билан чамбарчас боғлаган инсон борки, унга бу сўзлар, албатта, фахр ва ғурур бағишлайди. Айни пайтда бундай ишонч биз - устоз ва мураббийлардан Ватан тақдири ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олишга қодир янги авлодни тарбиялашдек олий вазифага бор куч-ғайрат ва азму шижоат билан ёндашишни талаб этади.

Ҳурматли ва қадри баланд азиз устозлар! Фурсатдан фойдаланиб, барча ўқитувчи ва мураббийларни 1 октябрь - касб  байрамлари  билан самимий табриклайман, уларга соғлик-омонлик, машаққатли ва шарафли ишларида улкан муваффақиятлар тилайман! Мен истайманки, ҳамиша мамлакатимизнинг доно муаллимлари энг олдинги сафларда юриб, юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти учун хизмат қиладиган азиз ва мард инсонлар бўлсин! Ҳар бир ўқувчига берган сабоқлари Ўзбекистон равнақи учун, юртимиз келажаги буюк бўлиши учун хизмат қилсин!

Report typo