Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

30.01.2017


УСТУВОР ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ ЧУҚУР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Селектор тартибида ўтказилган мазкур тадбирда марказий ва жойлардаги студиялар орқали вилоят ташкилотлари ва йирик саноат корхоналари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, тегишли идора ва муассасалар мутасаддилари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Йиғилишни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев бошқариб борди.

Унда жорий йил 15 январдаги мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирлари, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш асосий прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши, ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини фойдаланишга топшириш, экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури ва ҳажмини кенгайтириш, истиқболли саноат лойиҳаларини амалга ошириш, кичик бизнесни ривожлантириш, шунингдек, акциядорлик жамиятларининг устав капиталига хорижий инвесторларни жалб этиш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат, иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминловчи амалдаги стратегиянинг изчил давом эттирилаётгани туфайли  жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 6 триллион 314 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоиз ўсди.

Технологик жараёнларни модернизация қилиш ва янгилаш, корхоналарнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда реал сектор корхоналарини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида шу йилнинг 6 ойида вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4 триллион 352 миллиард сўмдан ошиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 4,5 фоиз ўсишга эришилди. Шунингдек, вилоятда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 18,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,8 фоизга, пудрат ишлари ҳажми 12,8 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 14,5 фоизга ортди. Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида 2 триллион 858 миллиард сўмдан зиёд инвестициялар жалб этилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,6 фоиз кўпайди. Шунинг 30,3 фоизи ёки  866,7 миллиард сўмини хорижий инвестициялар ташкил этмоқда. Жалб қилинган инвестицияларнинг қарийб 57,1 фоизи ёки 1 триллион 633 миллиард сўми бевосита ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилди.

Қабул қилинган дастурларга мувофиқ, ҳисобот даврида 1538 та янги лойиҳа рўёбга чиқарилди. Хусусан, саноат соҳасида 163 та янги корхона ташкил этилди, 92 та корхонада модернизация, техник ва технологик янгилаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Юртбошимизнинг “2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастурга кўра, ҳозирги кунгача вилоятда 617 та истиқболли лойиҳа амалга оширилиб, ишлаб чиқаришни янгидан ташкил этиш, мавжуд қувватларни кенгайтириш ва модернизация қилиш ҳисобидан саноатда тайёр маҳсулотлар улуши сезиларли даражада ортди.

Таъкидланганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, хусусий мулкдорлар улушини ошириш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этишга қаратилган узоқни кўзлаб қабул қилинган фармон ва қарорлар ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда. Натижада назорат органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятига аралашишлар, текширишлар сони кескин камайди. Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг дастлабки олти ойида 5,5 мингга яқин тадбиркорга тижорат банклари томонидан 492 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди ва бу борада ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан қарийб 1,4 баробар ўсиш қайд этилди.

Шунингдек, тадбирда вилоятимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўламига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, Президентимиз раҳнамолигида кейинги икки йил давомида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида қарийб 2 триллион сўмга яқин  маблағ ҳисобига кўплаб   янгидан-янги бино-иншоотлар, кенг ва равон кўчалар, дам олиш масканлари ва сайилгоҳлар барпо этилди. Инвестиция дастурига асосан айни вақтда 156 та иншоотда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун 149 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани аҳамиятлидир. Ҳозиргача 70 та объект фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, 38 та массивда намунавий лойиҳалар асосида 1526 та уй-жой қурилиши давом этмоқда. Шу пайтга келиб мазкур уйларнинг 1000 таси фойдаланишга топширилди.

Қайд этилишича, 2016 йилнинг биринчи ярмида туманлар кесимида бир қатор кўрсаткичлар бўйича ўрганиш ўтказилиб, мавжуд аҳволга баҳо берилган. Жумладан, жойларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини кенгайтириш, кичик бизнес фаолиятига эътибор, бозорлар инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш, дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш, қишлоқларда аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш масалалари таҳлил этилди. Ўзига хос рейтингда Косон, Қамаши ва Ғузор туманлари юқоридаги кўрсаткичлар бўйича қолоқлик қайд этган. Биргина Ғузор тумани мисолида қарайдиган бўлсак, бугунги кунда ушбу ҳудудда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектларининг қарийб 20 фоизи умуман фаолият кўрсатмаяпти, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи бир қатор корхоналар тугатилган, туман ҳокимлиги эса бунинг сабабларини ўрганиш, субъектлар фаолиятини қайта тиклаш бўйича ҳеч бир иш қилмаган. Коллеж битирувчиси ва иш берувчи ўртасида тузилаётган 4 томонлама шартномаларда ҳам сохтакорлик ва юзакиликка йўл қўйилган. Туман марказидаги деҳқон бозори фаолияти зарур талабларга умуман жавоб бермайди, озиқ-овқат маҳсулотлари расталар қолиб ерда сотилмоқда. Шунингдек, ушбу ҳудудларда тегишли ҳисобот даврида қишлоқ жойларда бирорта ҳам хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилмагани, экспортни ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмаётгани, туманнинг ўзида ечим топиши зарур бўлган масалалар, кўтарилган аризалар вилоят ҳокимлигигача етиб бораётгани афсус билан тилга олинди.

Қолаверса, бу галги фаоллар йиғилишида туманларнинг экспорт кўрсаткичларини яхшилаш, бунда мавжуд ресурс ва имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигига урғу берилди. Тадбирда алоҳида айтиб ўтилганидек, экспорт кўлами ортса, валюта тушуми ҳам кўпаяди. Бу чет элдан юртимизга замонавий технологиялар олиб келиш ҳисобидан янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш субъектларини ташкил этиш имкони ошади дегани. Ўз навбатида янги иш ўринлари яратилиб, аҳолининг доимий даромад манбаи юзага келишига кенг замин ҳозирланади. Чунки бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатлари айнан экспорт эвазига тараққий этаётгани бор ҳақиқат.

Жорий йил биринчи ярми якунларига кўра республика экспорти ҳажмида вилоятимиз улушининг имкониятга нисбатан пастлиги масаланинг нақадар долзарблигидан далолат беради. Экспортбоп маҳсулот етиштиришда вилоятимиз юқори салоҳиятга эга бўлса-да, мавжуд имкониятлар тўла ишга солинмаётгани, ташқи бозордаги талаб атрофлича ўрганилмаётгани, бунинг учун малакали мутахассислар жалб этилмаётгани, бу борадаги ишлар тизимли ташкил этилмагани натижа салбий бўлишига сабаб экани билдирилди. Шунингдек, Яккабоғ, Китоб, Чироқчи туманларида маҳсулотни экспортга йўналтириш бўйича амалга оширилаётган  ишлар танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилинди. Ҳ

Бундан ташқари, йиғилишда тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш, инвестиция дастуридан жой олган объектларнинг фойдаланишга топширилишини кечиктирмаслик, акциядорлик жамиятлари устав капиталларига ва корпоратив бошқарувга хорижий инвесторларни жалб этишни самарали ташкил этиш, экспорт прогнозлари бажарилишини таъминлаш, жойларда тегишли ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш бўйича мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш  масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурда белгилаб берилган энг муҳим вазифаларнинг вилоятда сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди ва мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов сўзга чиқди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Report typo