Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Икром ТИЛЯБОВ

29.05.2017


ҚУТУРИШ - ХАВФЛИ КАСАЛЛИК

Қутуриш – айрим ҳайвон ва одамларда учрайдиган ўта юқумли, ўткир касаллик ҳисобланади. Касаллик вирусининг сақловчиси ва манбалари тулки, бўри, чиябўри, шунингдек, от, ит, мушук, сигир, эшак, чўчқа кабилар ҳисобланади. Касаллик одамга дайди ва қаровсиз ҳайвонлар тишлаганида, унинг сўлаги ёки заррачалари терининг тирналган, жароҳатланган соҳаси юзасига, оғиз, бурун, лаб, кўз шиллиқ пардасига тушганида юқади. Кейин вирус асаб толалари орқали бутун организмга тарқалади, бош, орқа миядаги ўзи танлаган махсус жойдан макон топади. Шу ерда кўпайиб, асаб ҳужайраларини шикастлайди ҳамда асаб тўқималарида чуқур ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлади.

Таъкидлаш лозимки, мазкур касаллик жуда оғир кечиб, ўлим билан якун топиши сабабли ўта хавфли юқумли касалликлар рўйхатига киради. Одам организмига қутуриш вируси тушиши билан касаллик бирданига бошланмайди. Дастлаб вирус нервлар атрофида бўладиган периневрал суюқлик оқими билан орқа ва бош мияга етиб боради ҳамда мия тўқимасида кўпая бошлайди. Бу жараён белгиларсиз кечади ва унга касалликнинг яширин даври  дейилади. Бу давр бир ҳафтадан бир йилгача, баъзида ундан кўпроқ ҳам давом этиши мумкин. Касалликнинг ўртача яширин даври 1-3 ойни ташкил этади. Бу даврнинг қисқариши ёки чўзилиши тишлаган ҳайвон турига, жароҳатнинг қаерда жойлашганига, катта-кичиклигига ва чуқур-юзакилигига, вируснинг хусусиятларига ҳамда одамнинг касалликларга қарши курашиш қобилияти иммун системасига боғлиқ бўлади. Ҳайвонлар етказган шикастланиш орасида итлардан жароҳат олиш энг кўп – 90 фоизни ташкил этади.

Касалликнинг бошланғич даври 1-3 кун давом этади. Тишланган жой ўрни қичийди, тортишиб оғрийди, битган жароҳат ва чандиқ такроран яллиғланиши мумкин. Бемор тушкунликка тушади, ғамгин бўлиб, одамлар билан мулоқотдан қочади, уйқуси бузилади, унда қўрқув ҳисси пайдо бўлади, кайфияти ўзгариб туради, атрофга лоқайд қарайди. Касаллик бошланганидан 2-3 кун ўтгач эса беморда қўзғалиш, яъни касалликнинг авж олиш даври бошланади. Бунда беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, қон томирларининг уриши тезлашади, сувни кўрганда, ҳаттоки сув тўғрисида эшитганда ҳам ютиш мускуллари тортишиб, қисқариб, қаттиқ оғрийди, ютиниши қийинлашади, яъни беморда сувдан (гидрофобия), ҳаводан (аэрофобия) қўрқиш аломатлари пайдо бўлади. Ҳавонинг ҳаракати ёки беморни бирор бир нарса билан елпиганда бемор бўғилади, талвасага тушади, хуруж ёруғликдан, баланд овоз ва шовқиндан ҳам вужудга келади. Шу ҳолатлар давом этиб, юрак-томир фаолияти етишмаслиги, нафас маркази, тананинг бошқа мускуллари ҳам фалажланиши натижасида бемор вафот этади.

Бу касалликнинг профилактикасига жиддий эътибор қаратиш лозим. Айримлар ҳайвонлардан жароҳат олганда тузалиб кетади, деган ўйда тиббиёт ходимларига мурожаат қилмайдилар. Ваҳоланки касалликка қарши эмлаш муолажаларини ўз вақтида олиш керак. Акс ҳолда касаллик аломатлари пайдо бўлганда уни даволашнинг имкони бўлмайди. Ҳайвон тишлаганда ёки сўлаги текканда зудлик билан мутахассис дўхтирга мурожаат қилинса ва унинг тавсияси билан эмлаш муолажалари бошланса, яхши самара беради.

Мамлакатимизда, хусусан вилоятимизда бу хавфли ва юқумли касалликнинг олдини олиш, даволаш чораларини қўллаш учун керакли дори-дармон захираси етарли ва улар бепул. Ҳар йили давлат бюджетидан қутуриш касаллигига қарши кураш учун катта миқдорда маблағ ажратилади.

Давлатимиз томонидан хавфли касалликларнинг олдини олиш, уларнинг тарқалмаслиги учун тинимсиз ғамхўрлик кўрсатилаётган бир пайтда фуқаролар ҳам бундай касалликларнинг келиб чиқишига бефарқ бўлмасликлари талаб этилади. Уйида ит, мушук сақлайдиган фуқаролар уларни қутуриш касаллигига қарши вақтида эмлатиш чораларини кўриши, сақлаш ва рўйхатдан ўтказиш қоидаларига қатъий амал қилишлари шарт.

Қутуриш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун жойларда тегишли идоралар мутасаддилари томонидан бу борадаги назоратни кучайтириш, аҳоли орасида қутуриш касаллиги бўйича санитария-оқартув ва тарғибот-ташвиқот ишлари кўламини ошириш зарур. Шунингдек, хўжалик ва хонадонлардаги барча катта-кичик ҳайвонлар ветеринария хизмати ходимлари томонидан ҳисобга олиниши, улар ҳар йили қутуриш касаллигига қарши, албатта, эмланиши зарур. Кўча-кўй, маҳаллалардаги барча қаровсиз, дайди ҳайвонлар қутурган деб гумон қилиниши ва жойлардаги “Махсус ит тутиш бўлимлари” ходимлари томонидан белгиланган тартиб-қоида бўйича йўқотилиши шарт.

Қутуриш касаллиги билан курашиш нафақат ветеринария ва бошқа дахлдор бўлган айрим соҳалар ходимларининг, балки бу кенг жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг ҳам ишидир. Шундай бўлган тақдирдагина биз кўзлаган мақсадимизга, яъни одамларни даҳшатли ва бедаво касалликдан муҳофаза этишга эришишимиз мумкин.

Икром ТИЛЯБОВ,

Қарши шаҳар давлат санитария эпидемиология назорат маркази врач-эпидемиологи

Report typo