Хитойлик ўқувчи қиз ота-онасининг 450 минг юан (тахминан 721 миллион сўмдан ортиқ) пулини мобиль ўйинларга сарфлаб юборди. Бу ҳақда Asia One манбаси ёзган.
Маҳаллий ОАВга кўра, 13 ёшли қизча уйдан ота-онасининг оилавий даромадлари жамғарилган банк картасини топиб олган. У улардан рухсат сўрамай, ҳеч ким буни билиб қолмайди деган умидда пулларни мобиль ўйинларга сарфлашни бошлаган.
Манбанинг ёзишича, қизалоқ "330 минг юанни ўзи учун ўйинлар сотиб олишга ва ўйин ичидаги харидларга, яна 100 минг юанни кўпсонли синфдошлари учун пуллик онлайн ўйинларга сарфлаган".
Нимадир чатоқ иш бўлаётганини биринчи хитойлик ўқитувчи аёл пайқаган. У қизча телефон билан жуда кўп вақт ўтказаётганига эътибор қаратиб, бу ҳақда ўқувчининг ота-онасига айтган.
Қизчанинг онаси буни инобатга олиб, бир неча кундан кейин банк ҳисоб рақамини текширган ва билсинки, унда бир доллардан камроқ маблағ қолган. Ўтказмалар тарихини ўрганиб чиққач, аёл барча пуллар мобиль ўйинлар сотиб олишга ва уйин ичидаги харидларга кетганини кўрган.
Ўқувчининг онаси қизи унинг телефонидаги банк хабарномаларини учириб ташлагани учун нима бўлаётганидан бехабар қолганини қўшимча қилган. Энди у ҳеч бўлмаса беҳуда сарфланган маблағларнинг бир қисмини қайтариш пайида, лекин ҳозирча натижа йўқ.