Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

07.12.2023


ЎҚУВЧИЛАРИ УЧУН СТИПЕНДИЯ ЖОРИЙ ЭТГАН СИНФ РАҲБАРИ

Қашқадарё одамлари

45 йиллик педагогик стажга эга бўлган Қарши шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Айкумуш Эргашева ўзи раҳбарлик қилаётган синфда аъло баҳоларга ўқиётган ҳамда энг кўп китоб мутолаа қилаётган ўқувчилар учун махсус стипендиялар жорий этган.

Тажрибали педагог шахсий маблағи ҳисобидан мунтазам равишда тўлаб бораётган бу стипендиялардан биттаси ўқув йилининг ҳар чораги якунига кўра аълочиларга бериларкан. Масалан, жорий ўқув йилининг биринчи чорагини барча фанлар бўйича фақат аъло баҳолар билан якунлаган 9-"Б" синфининг 10 нафар ўқувчиси синф раҳбари Айкумуш Эргашевадан 100 минг сўмдан, жами 1 миллион сўм миқдорида стипендия олган.

- Устозимиз Айкумуш Эргашеванинг стипендиатлари орасида мен ҳам борлигимдан фахрланаман, - дея ғурур билан таъкидлайди 9-"Б" синф ўқувчиси Ширин Сафарова. - Одатда стипендияни олишим биланоқ китоб дўконига бораман. Бу гал шу пулга Чингиз Айтматовнинг "Қиёмат" романи, яна бир қатор бадиий китоблар, география фани бўйича атлас ва ёзувсиз хариталарни сотиб олдим. Мақтаниш эмасу, лекин мен синф раҳбаримизнинг стипендияларига 5-синфда ўқиган даврларимдан буён сазовор бўлиб келаман. Аъло ўқиш учун бериладиганини мунтазам равишда оламан. Бундан ташқари, энг кўп китоб ўқиган ўқувчилар учун жорий этилган стипендия ҳам бор. Унга эришиш учун чорак давомида мактаб дастуридагидан ташқари камида 6 та роман, бир қанча қисса ва ҳикоялар ўқиб, кўплаб шеърлар ёдлаш керак. Бундай стипендияни ҳам бир неча марта олганман...

Айкумуш Эргашева ҳамкасбларининг айтишича, бу жонкуяр устоз  кейинги тўрт-беш йил эмас, балки 30 йилдан ортиқ вақт давомида аълочи ўқувчиларига баҳоли қудрат стипендия тўлаб келмоқда. Шунингдек, очиқ дарсларда фаол қатнашган, турли танловларда ғолиб чиққан ёшлар ҳам фидойи ўқитувчининг махсус  совринлари ва пул мукофоти билан тақдирланади.

- Синф раҳбаримизнинг стипендияси биз учун қўшимча мотивация беради, - дейди 9-"Б" синфининг яна бир ўқувчиси Муҳаммаджон Тожиев. - Шунинг учун ҳам шогирдларининг кўплари нафақат она тили ва адабиёт, балки бошқа фанларни ҳам яхши ўзлаштириб, нуфузли институт ва университетларда таълим олишади, етук кадрлар бўлиб шаклланишган. Мен ўзим эса ҳозирданоқ "Халқаро иқтисодиёт ва менежмент" йўналиши бўйича олий таълим олишга тайёргарлик кўраяпман. Мақсадимга эришиш учун барча фанлар, айниқса, она тили ва адабиёт, математика, инглиз тилини чуқур ўрганишга ҳаракат қилаяпман.

Айкумуш Эргашеванинг қўшимча мотивацияси туфайли унинг ўқувчилари турли танловларда ҳам тез-тез иштирок этиб, кўплаб муваффақиятларга эришмоқдалар. Биргина биз суҳбат қилган шогирдлари ютуқларини санаб ўтсак, Ширин Сафарова кейинги йилларда "Ўзбек тилим -  ифтихорим", "Вазирга мактуб", "Биз коррупцияга қарши биргаликда курашамиз!" ва бошқа мавзулардаги иншолар танловларининг ғолиб ва совриндорлари сафидан жой олган. Муҳаммаджон Тожиев эса Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган "Икки буюк сиймо" мавзусидаги ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев хотирасига бағишланган республика иншолар танловлари, яна бир қатор ижодий беллашувларда ғалаба қозонган. Шунингдек, Ширин ҳам, Муҳаммаджон ҳам "Ёш китобхон" танловида фахрли ўринларни эгаллаб, турли даражадаги дипломлар ва қимматбаҳо совринлар билан тақдирланган. Дарвоқе, шу кунларда улар синфдошлари билан Конституция кунига бағишланган турли танловлар ва бошқа тадбирларда ҳам фаол қатнашаяпти.

- Биз - ўқитувчиларнинг асосий вазифамиз шогирдларга ўзимизда бор билимларни берибгина қолмай, уларни янги билимларни ҳам эгаллашга рағбатлантиришдир, - дейди 66 ёшли олий тоифали ўқитувчи, пенсияга чиқиб ҳам ўз касбига содиқ қолаётган Айкумуш Эргашева. - Бу йўлда бор имкониятларни ишга солишга ўрганганман ва бундан кейин ҳам худди шундай йўл тутаман.

Ўзи жорий этган стипендиялар ҳақида кўп гапиришни истамайдиган фидойи педагог етарли миқдорда пенсия, маош ва устама ҳақи олишини таъкидлайди ва ўқувчилари эришган ютуқлар ҳақида сўзлаб беришдан чарчамайди...

Темур НИЗОМОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo