Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Исмигул ХУШМУРОДОВА

11.05.2018


ЎҚУВЧИЛАРНИ МАҚСАДЛИ ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ўқувчиларга замонавий ва мукаммал билим бериш борасида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, бу ўзгаришлар ва улардан кутилаётган самара бизнинг Қарши давлат университети тасарруфидаги академик лицейимиз (аввалги Қарши давлат университети қошидаги 2-академик лицей) мисолида ҳам яққол намоён бўлади.

Аввало Президентимизнинг 2017 йил 26 сентябрдаги "Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига биноан,  лицей Қарши давлат университети тасарруфига ўтказилди.

Энди бунинг аҳамиятга молик жиҳатлари ҳақида тўхталсак.

Ўз-ўзидан маълумки, мазкур олийгоҳда катта тажриба ва илмий салоҳиятга эга педагог кадрлар фаолият юритишмоқда. Лицейнинг тўлиқ университет тасарруфига ўтказилиши ҳамда академик лицей ўқитувчиларига соатбай ҳақ тўлаш миқдори олий таълим муассасаларидаги меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорига тенглаштирилиши бир вақтнинг ўзида университетнинг тажрибали педагогларини лицейдаги дарс жараёнларига ҳам жалб этиш имконини беради. Ҳозирги вақтда лицейимизда ана шу янги тажрибага жиддий эътибор қаратилиб, олийгоҳ профессор-ўқитувчиларининг лицей ўқувчиларига маъруза ўқиши, жорий, оралиқ ва якуний назорат ишларини ўтказишда бевосита иштирок этишини ташкиллаштиришга ҳаракат қилаяпмиз.

Бу борадаги муҳим жиҳатлардан яна бири шундаки, лицейда таълим тизимини давр талаблари даражасида ташкил этиш учун  ўқув-лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, компьютер техникалари,  дарслик ва ўқув қўлланмаларини сотиб олиш, иш фаолиятида юқори самарадорликка эришаётган ўқитувчилар учун қўшимча равишда моддий рағбатлантириш тизимларини йўлга қўйиш лозим. Бу ишлар эса, табиийки, катта маблағ талаб этади. Лицейнинг молиявий томондан барқарор бўлган олий таълим муассасаси тасарруфида бўлиши бу каби ишларга ўз вақтида ечим топиш имконини беради.

Айни вақтда олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари, яъни тўлов контракт асосида ўқиш учун тушумларнинг фақат тўлов контракт миқдорининг оширилган қисми ҳисобидан лицейдаги моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ўқитувчи ва ўқувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича 3 йиллик чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Қарор асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимида амалга оширилаётган муҳим ўзгаришлардан яна бири шундаки, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларда ўқиш муддати 2 йил этиб белгиланди.

Айтиш жоизки, "мақсадли тайёрлаш" деган тушунчанинг ўзиёқ, ўқувчига олий таълим муассасасининг аниқ бир йўналишига ўқишга кириши учун чуқурлаштирилган фанлар асосида билим беришни англатади. Мисол учун, келгусида чет тили ўқитувчиси бўлишни ва бунинг учун университетнинг хорижий филология факультетига ўқишга киришни истаётган ўқувчининг асосий эътиборини айнан шу мутахассислик бўйича керакли фанларни чуқур ўзлаштиришига қаратиш лозим. Шундан келиб чиққан ҳолда, лицейдаги ўқиш даврининг уч йилдан икки йилга қисқартирилиши умумтаълим фанлари ва касбий фанларни ўқитишнинг ўзаро мувофиқлаштирилиши эвазига амалга оширилади. Яъни, ўқув дастурларида чуқурлаштирилган ва қўшимча чуқурлаштирилган фанлар блоги кенгайтирилиши, бу борада қўшимча машғулотларнинг йўлга қўйилиши эвазига ўқувчилар бир йил вақтдан ютади.

Биз том маънодаги баркамол авлодни тарбиялаётган эканмиз, у нафақат билимли, шу билан биргаликда жисмонан соғлом бўлиши ҳам лозим. Бунинг учун эса ўқувчи соғлом овқатланиши, соғлом яшаш тарзига эга бўлиши даркор. Президентимиз қарорида бу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, академик лицейларга олис ҳудудлардан қабул қилинган ўқувчилар ётоқхона ва ота-оналар томонидан харажатларнинг қисман қопланиши ҳисобига (энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида) имтиёзли озиқ-овқат билан таъминланади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур қарорида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши академик лицейларда ўқитиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш, олий таълим муассасаларига кириш учун муносиб номзодларни мақсадли тайёрлашга кенг йўл очмоқда.

Исмигул ХУШМУРОДОВА,

Қарши давлат университети академик лицейи директори, педагогика фанлари номзоди

Report typo