Папуа - Янги Гвинеядаги оммавий муштлашув пайтида тўрт ўсмир ҳалок бўлди, яна 20 нафар ўқувчи турли даражада жароҳат олган, дея хабар беради The Post Courier нашри.
Ўтган ҳафта Маунт-Хаген шаҳрида иккита ўрта мактаб ўқувчилари орасида қаттиқ жанжал бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, оқибати ўлим билан тугаган ушбу муштлашув бундан бир неча ҳафта аввалги жанжалнинг давоми бўлган. Ўша воқеа ортидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бир неча бор ҳар иккала мактабда бўлиб, ўқувчилар билан суҳбат ўтказган. Бироқ, уларни олишув аҳдидан қайтариш учун бунинг ўзи камлик қилган кўринади.
Тўрт ўсмир воқеа жойида ҳалок бўлган, жабрланган 20 нафар ўқувчи эса шифохонага жойлаштирилган. Улардан тўрт нафарининг аҳволи оғир. Калтакланганлар орасида 13 ва 16 ёшли икки қиз ҳам бор.
Оммавий жанжал сабаби айтилмаган, қолаверса, полициячилар яқин вақтларда янги муштлашувлар рўй бериши мумкинлигини ҳам инкор этмайди.