Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

13.03.2018


"ҚУВНОҚ СТАРТЛАР"ДАН ЖАҲОН ЧЕМПИОНЛИГИГАЧА

Қарши туманидаги 59-ўрта мактабнинг 10-синф ўқувчиси, спортнинг таэквондо тури бўйича жаҳон чемпиони Малика Чориева ҳам бугун эришган ютуқларини ана шу жиҳатлар   билан боғлайди.

- Аслида спортга қизиқишимга  жисмоний тарбия устозим - Рустам  Суяров сабаб бўлган, - дейди у. - У киши дарслардаги фаоллигимни кўриб, мактаб миқёсида ташкил этиладиган "Қувноқ стартлар" мусобақаларига қатнашишга ундаган. 2010 йилда мактабимизда ўзбек жанг санъати тўгараги ташкил этилгач, акам билан ушбу тўгаракка қатнай бошладик. Ўша вақтлардаёқ чемпион бўлишга қатъий аҳд қилгандим. Шу боис машғулотларга астойдил киришдим. Ҳаракатларим ва устозим Асқар Никкиевнинг кўрсатмалари, маслаҳатлари натижасида дастлаб вилоят миқёсидаги мусобақаларда юқори ўринларни эгалладим. Кейин эса кетма-кет 5 маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлдим.

Ҳаётда шундай инсонлар ҳам борки, қайси вазифани бажаришни топширманг, аъло даражада уддалайди. Шунинг учун бундайларга қобилиятли, иқтидорли, дея таъриф берилади. Малика Чориева ҳам қобилиятли ёшлар сирасидан. У спортнинг ўзбек жанг санъати билан астойдил шуғулланиб келиб, тақдир тақозоси билан йўналишини озгина ўзгартирди - мактабдаги бошқа спорт тўгараги - таэквондо ИТФ бўйича машғулотларга қатнай бошлайди.

Кўп ўтмай ушбу спорт турида ҳам юқори натижаларни забт этишга киришди. 6 карра Ўзбекистон чемпионати, 2 маротаба халқаро турнирларнинг юқори пробали медаллари билан қайтди. 2016 йилда Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилинди. Шу йили Беларусда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. 2017 йилда эса унга "Халқаро тоифадаги спорт устаси" унвони берилди.

Малика Чориеванинг спорт соҳасида эришган ютуқлари, мамлакатимиз спортига қўшаётган ҳиссаси ҳукуматимиз томонидан ҳам муносиб эътироф этилди. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 2 мартдаги қарорига асосан Малика Чориева Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

- Бу мукофотни Президентимиз менга билдирган улкан ишонч намунаси деб биламан, - дейди Малика.  - Энди бор куч ва маҳоратимни ана шу ишончни оқлаш учун қаратмоқчиман. Насиб этса, турли халқаро   мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтариш, олимпиада чемпиони бўлиш - энг асосий  мақсадим. Ҳозирги кунда эса, устозим - акам Шоҳрух Чориев мураббийлигида май ойида Мўғулистон пойтахтида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраяпман. Ушбу чемпионатдан ҳам   албатта, чемпион бўлиб қайтишни ният қилганман.

Ж.БОЙМУРОДОВ

* * *

Суратда: Малика Чориева дугоналари билан.

 

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo