Кимё саноати
Жорий йилнинг тўққиз ойи якунига кўра, Деҳқонобод тумани саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми бўйича вилоятимиз ҳудудлари орасида еттинчи ўринни қайд этиб, мазкур кўрсаткич бўйича ҳатто Шаҳрисабз шаҳри, Китоб ва Яккабоғ туманларини ҳам ортда қолдирган. Ваҳоланки, бундан ўн йил муқаддам ушбу туман индустриал ривожланиш жиҳатдан Қашқадарёдаги энг қолоқ ҳудудлардан ҳисобланиб, воҳа саноатига қўшаётган улуши жуда паст даражада эди. Сўнгги йилларда бу борада сезиларли ўсиш кузатилишида эса "Деҳқонобод калий заводи" масъулияти чекланган жамиятининг муносиб ҳиссаси бор.
Мазкур завод нафақат вилоятдаги, балки мамлакатимиздаги энг йирик саноат корхоналаридан биридир. У Марказий Осиёдаги калийли ўғитлар ишлаб чиқарадиган ягона мажмуа ҳисобланади. Ҳудудда ана шундай йирик қувватнинг ишга туширилиши эса туман иқтисодиёти юксалиши, аҳоли турмуш фаровонлиги янада ортишининг муҳим омили бўлаяпти.
Заводнинг хом ашё қазиб олиш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги қуввати йилдан-йилга ошиб бормоқда.
- Ушбу лойиҳа бугун ҳар томонлама ўзини оқлади, - дейди корхона бош директори ўринбосари Тўлқин Зарипов. - Буни бугун эришилаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Корхона фаолият бошлаган илк йилларда калийли ўғитлар экспорти ҳажми 30 минг тоннага ҳам етмаган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 230 минг тоннадан ошди.
Завод мутасаддиларининг таъкидлашича, айни вақтда бу ерда ишлаб чиқарилган калий хлориди минерал ўғити қарийб 20 та мамлакат, шу жумладан, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Туркманистон, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Малайзия, Шри-Ланка, Ироқ, Озарбайжон, Грузия, Арманистон, Туркия, Молдова, Вьетнам, Украина ҳамда Африка қитъасидаги давлатлар бозорларига кириб борди.
Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан завод қувватини ошириш экспорт географиясини янада кенгайтириш, бир қатор янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқдаки, бундан биринчи галда маҳаллий аҳоли манфаатдор. Ҳудуд одамларининг доимий даромад манбаига эга бўлиши, турмуши яхшиланишидан эса жамият ҳам наф кўради.
Ж.БОЙМУРОДОВ
С. НАРЗИЕВ олган суратлар.