Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • “UZBEKISTAN GTL” ЗАВОДИ ЖАҲОНДА БИРИНЧИ БЎЛИБ ТАБИИЙ ГАЗДАН СИНТЕЗ ЙЎЛИ БИЛАН СИНТЕТИК АВИАКЕРОСИН ИШЛАБ ЧИҚАРА БОШЛАДИ

15.09.2022


“UZBEKISTAN GTL” ЗАВОДИ ЖАҲОНДА БИРИНЧИ БЎЛИБ ТАБИИЙ ГАЗДАН СИНТЕЗ ЙЎЛИ БИЛАН СИНТЕТИК АВИАКЕРОСИН ИШЛАБ ЧИҚАРА БОШЛАДИ

Янги маҳсулот

"Uzbekistan GTL" заводида нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихида илк бор халқаро стандарт ва техник талабларга мос бўлган синтетик авиакеросин ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

Бу ҳақда хабар тарқатган "Ўзбекнефтгаз" АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, юртимиздаги ноёб корхонада яна бир янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилишига мазкур акциядорлик жамияти бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзоларининг заводга қилган ташрифи давомида старт берилди. 

- Синтетик керосиннинг 23 та асосий физик-кимёвий ва техник параметрлари тўлиқ талаб даражасига етказилди, - дейилади матбуот хизмати хабарида. - Асосий параметрлардан бири бўлган музлаш ҳарорати халқаро стандарт талаб даражасига (-47°С) етказиш ишлари якунланди... GTL заводида ишлаб чиқарилган синтетик керосинининг биринчи партияси намунаси олиниб, халқаро авиасоҳани тартибга солувчи ташкилот (IATA) тавсиясига кўра, мувофиқлик сертификатини олиш учун SGS компаниясининг Эстония, Бельгия ва Франциядаги лабораторияларига таҳлил ва тегишли хулоса олиш учун юборилди.

Жамиятнинг расмий сайтида эълон қилинган маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 15 июнь куни "Uzbekistan GTL" заводида Ўзбекистон тарихида биринчи синтетик нефть, 29 июнда эса Ўзбекистон нефть-кимё саноати тарихида илк бор синтетик дизель, кейинчалик синтетик нафта  ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг таъкидлашича, мутахассисларнинг яна бир изланиши самара бериб, "Uzbekistan GTL" заводида жаҳон тарихида илк бор табиий газдан синтез қилиш йўли билан синтетик авиакеросин ишлаб чиқарилган.

Ишчи гуруҳи аъзоларининг заводга ташрифи чоғида, шунингдек, корхона тўлиқ иш режимига ўтилгани сабаб, синтетик ёқилғи маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш ҳамда уларнинг юқори сифатда бўлишини таъминлаш кераклиги таъкидлаб ўтилди. Айни пайтда маҳсулот таннархининг арзонлашишига эришиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Шу йил 14 сентябрга қадар GTL мажмуасида жами 55 минг тонна синтетик дизель ёқилғиси ва 20,5 минг тонна синтетик нафта ишлаб чиқарилган бўлиб, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси орқали кунлик равишда истеъмолчиларга етказилмоқда.

Report typo