Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БЕГАЛИЕВ

24.01.2017


ҲУЖЖАТДАГИДАН ОРТИҚЧА ТОВАР

Шундан келиб чиққан ҳолда, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилиб, тадбиркорларнинг моддий ва кредит ресурсларидан мақсадли фойдаланиши, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловлар бартараф этилиб, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашганларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилди.

Бу каби имтиёзлардан самарали фойдаланган тадбиркор даромадини кўпайтириб, фаолиятини кенгайтираётган, шу билан бирга, мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бўлса, яратилган кенг имкониятларни четлаб ўтаётган, тез бойиш истагидаги “тадбиркор”лар ҳам афсуски учраб турибди.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим тадбиркорлик субъектлари четдан товар олиб келишда ҳужжатдагидан ортиқча маҳсулот олиб киришга уринаяпти. Маълумки, товар ва бошқа қимматликларнинг ҳужжатдагидан ортиқча олиб келиниши божхона қонун ҳужжатлари бузилиши ҳисобланиб, суд қарорига кўра давлат эгалигига ўтказилади.

Мазкур йўналишда жорий йилнинг олти ойи давомида божхоначилар томонидан 18 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, умумий қиймати 9,5 миллион сўмдан ортиқ ҳужжатдагидан ортиқча товарлар белгиланган тартибда давлат эгалигига ўтказилди.

Мисол учун, жорий йилнинг 12 июль куни Хитой Халқ Республикасидан “Afsona R” ташкилотига (ташкилот ва ҳуқуқбузарларнинг исм-фамилияси ўзгартирилган) турли хилдаги эҳтиёт қисмлар олиб келинган. Ушбу ташкилотнинг божхона ишлари бўйича масъул ходими Жалил Аноров томонидан божхона   постига тақдим қилинган божхона юк декларацияси ҳамда йўл юк кузатув ҳужжатлари асосида товарлар божхона кўригидан ўтказилди. Шунда ҳужжатларда кўрсатилмаган, умумий қиймати 3 миллион 574 минг сўмлик 8 турдаги 665 дона хўжалик моллари ортиқча эканлиги маълум бўлди.

Яна бир ҳолатда жорий йилнинг 16 июль куни Хитой Халқ Республикасидан “Road agro M” МЧЖ номига олиб келинган умумий оғирлиги 752 килограмм, умумий қиймати 3 минг 670 АҚШ долларига тенг бўлган  товарлар божхона кўригидан ўтказилди. Божхона кўриги натижасида оғирлиги 220 килограмм бўлган 10 дона “Полиуретановые сендвич-панели” ёзувли товар ҳужжатдагидан ортиқча эканлиги аниқланиб, ушбу ташкилотнинг божхона ишлари бўйича масъул ходими Жамшид Алиновга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Содир этилган ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан ҳозирда божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Унутмаслик керакки, давлатимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилган имкониятлардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш, қонун ҳужжатларга амал қилиш нафақат тадбиркорларга наф келтиради, ўз ўрнида мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда ҳам катта ўрин эгаллайди.

Жаҳонгир БЕГАЛИЕВ, вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи

Report typo