Мамлакатимизда ҳам архив соҳасига жиддий эътибор қаратилиб, соҳага оид қонунлар, қарорлар, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ўзгаришлар ва янгиликлар вилоятимиздаги архивлар фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда. Вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи, иқтисод фанлари номзоди Шуҳрат ТУРСУНОВ билан суҳбатимиз шу хусусда.
- Ўзига хос ахборот маркази бўлган архивлар мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожланишида, давлатни самарали бошқаришда, ўтмишни илмий англашда ҳам катта аҳамиятга эга. 1943 йилда ташкил топган вилоят давлат архиви илмий-тарихий ҳужжатларни сақловчи ташкилотдир. У вилоят архив иши ҳудудий бошқармасига бўйсунади. Айни пайтда вилоятимизнинг Қарши, Ғузор, Шаҳрисабз, Муборак, Косон, Яккабоғ туманларида давлат архивлари мавжуд.
Вилоят давлат архивида 2999 та алоҳида қийматли йиғмажилдлар сақланиб, улар 1924-1945 йилларга оид ҳужжатлардир. Муассасада, шунингдек, 1924-2009 йилларга оид 85727 сақлов бирлигидаги йиғмажилдлар мавжуд. Архивда Иккинчи жаҳон уруши даврида эвакуация қилинганлар, мукофотланган уруш ва меҳнат фахрийлари, ер участкалари бериш, шахсий келиб чиқиш ҳужжатлари сақланадиган алоҳида каталоглар тузилган.
Архивдаги энг ноёб ҳужжатлардан бири вилоятимиз тарихига оид 1604 йилда ёзилган қадимий вақфнома нусхаси бўлиб, унинг бизгача етиб келганлиги қанчалик қувончли бўлса, келажак авлодлар қўлига ҳам ҳозирги ҳолида етиб бориши шунчалик муҳимдир.
Вилоят давлат архивида ўз касбига содиқ ўттиз нафарга яқин мутахассис меҳнат қилиб, уларнинг асосий фаолияти илмий маълумотлар банкини ташкил этиш ва режалаштириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг сўровларига асосан архив сақловидаги ҳужжатлар юзасидан давлат хизматларини кўрсатишга йўналтирилган. Фондлар ва ҳужжатлар ҳисоби, ҳужжатлар мавжудлигини текшириш, хулоса чиқариш, рўйхатлаш, хатлов ўтказиш, каталоглаштириш, олинган маълумотлар бўйича матбуотда нашр этиш ишлари ҳам ҳамиша эътиборда.
Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида корхона ва ташкилотлардан 400 сақлов бирлигидан ортиқ архив ҳужжатлари қабул қилиниб, сақловга қўйилди. Архив ҳужжатларининг ҳажми ва оқими йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш, экспертизациялаш ишлари кўламига жиддий ёндашишни талаб қилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, архив маълумотларининг Давлат хизматлари марказлари орқали берилиши кўзда тутилган. Буни инобатга олиб, кўрсатилаётган архив хизматларини тезкор ва сифатли тақдим этиш мақсадида, мавжуд техник базалардан фойдаланишга жиддий ёндашилаяпти. Шунингдек, давлат раҳбари томонидан 2018 йил 11 апрелда имзоланган "Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида архив иши ва иш юритиш соҳасидаги фаолиятимизга танқидий баҳо берилди ва янада фаоллик билан ишлашимиз талаб қилинди. Шу боисдан соҳамизга доир эскирган усуллардан тезроқ воз кечиб, архив иши юритилишини ислоҳ қилиш зарурати юзага келмоқда. Архив ишини янада ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқиб, тўсиқ бўлаётган тизимли камчиликларни аниқлаб олмоқдамиз. Ҳар бир камчиликни босқичма-босқич бартараф этиш бўйича мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, асосли таклифлар асосида режалар белгиланаяпти.
Архив хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган, қоғоз шаклида сақланаётган маълумотларнинг электрон базаларини шакллантириш ва идоралараро электрон ҳамкорликка қўшилиш орқали босқичма-босқич рақамли кўринишга ўтилаяпти.
Бизнинг энг оғриқли муаммоларимиздан бири айрим раҳбарларнинг эътиборсизлиги, айниқса, хусусий сектор вакилларининг соҳамиз аҳамиятини етарли даражада тушунмаслиги оқибатида фаолиятига оид зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида архивларга топширилмаслигидадир. Масалан, фаолияти тугатилган корхона ва ташкилотларда ҳужжатларнинг архивга топширилмасдан йўқолиб кетаётганлиги ушбу хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат қилган фуқароларнинг пенсия олиш ҳуқуқининг бузилишига олиб келмоқда. Бундай камчиликларни бартараф этиш мақсадида муҳим ҳужжатларни архивларга топшириш ишига ҳар бир раҳбар, фуқаро масъулият билан ёндашиши зарур. Шундагина биз фуқаролар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олган ва келажак авлодларга тарихимизни ўрганишлари учун бой мерос қолдирган бўламиз.
Халқаро архивлар куни муносабати билан касбдошларимиз ва ҳамкорларимизни, соҳамизга бефарқ бўлмаган барча инсонларни байрам билан табриклаб, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддиларига бу тизимни ривожлантиришда фаоллик кўрсатишларини сўраб қоламиз.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.