Карантин чекловлари билан боғлиқ юмшатишларни айрим кишилар нотўғри тушуниб, кўча-кўйда ҳимоя ниқобисиз юргани, айрим тадбирлар, тўй-тантаналарга белгиланганидан кўп миқдорда меҳмон таклиф қилинаётгани, одам кўп тўпланадиган жойларда оралиқ масофага, санитария-гигиена қоидаларига етарлича эътибор қаратилмаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айрим чекловлар бекор қилингани билан умумий қоидалар сақланиб турибди, демакки, уларга риоя этишга барча мажбур, аксинча иш тутганлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилади.
Бир муддат илгари Ғузор туманида ҳам коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасида олиб борилган ишлар танқидий муҳокама қилиниб, туман махсус комиссияси қарори билан ҳокимлик, ички ишлар, миллий гвардия, солиқ инспекцияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилган эди.
Шунга кўра, ишчи гуруҳ томонидан тумандаги умумий овқатланиш объектлари, бозорлар, жамоат жойларида санитария-гигиена ва карантин қоидаларига риоя қилиш бўйича рейд тадбири олиб борилди.
Туман ҳокимлигидан маълум қилишларича, тадбирда овқатланиш шохобчаларида санитария-гигиена талаблари бўйича етарли шароит яратмаган 25 нафар мансабдор шахс ва кўчада ниқобсиз юрган 24 фуқарога нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўриш бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Унутмаслик керакки, карантин қоидаларига амал қилиш биринчи навбатда ҳар бир кишининг ўзи, яқинлари учун зарур. Шундай экан, саломатлигингизни хавф остига қўйманг!