Энергетика
Ғузор туманида қуввати 300 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва бошқариш бўйича ўтказилаётган халқаро тендернинг ғолиби келгуси йилнинг март ойида аниқланади.
Режага кўра, мазкур тендернинг биринчи босқичи ҳужжатларини баҳолаш ва иккинчи босқичини эълон қилиш шу йилнинг июнь-июль ойларида амалга оширилади. Ўз навбатида, иккинчи босқич ҳужжатларини қабул қилиш ва баҳолаш декабрда якунланади, яна уч ойдан сўнг эса тендерда ғолиб чиққан компания номи маълум бўлади ва у билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим имзоланади.
Танлов ғолиби зиммасига Ғузор туманида қуёш фотоэлектр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш, ундан 25 йил давомида фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш юклатилади. Шунингдек, инвестор 500 киловольт кучланишли "Ғузор" нимстанциясигача электр узатиш тармоғини ҳам барпо этади.
"Осиё тараққиёт банки кўмагида Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва бошқариш" лойиҳасини амалга ошириш механизми ва муддати давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 2022-2024 йиллар давомида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг соҳалар кесимидаги "йўл харитаси"да акс этган. Айни пайтда Президентнинг жорий йил 8 апрелдаги фармони билан тасдиқланган бу "йўл харитаси"да лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши учун энергетика, молия ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги масъул эканлиги белгиланган.
Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур фармонга мувофиқ яқин уч йил ичида вилоятимизда сув хўжалиги соҳасида насос станцияларини муқобил энергия билан ишлатиш бўйича ҳам давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилади.
Ўз мухбиримиз