Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • ҒУЗОРДА ҚУЁШ ФОТОЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИНИ ҚАЙСИ КОМПАНИЯ ҚУРИБ БЕРАДИ?

Ўз мухбиримиз

14.07.2022


ҒУЗОРДА ҚУЁШ ФОТОЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИНИ ҚАЙСИ КОМПАНИЯ ҚУРИБ БЕРАДИ?

Халқаро тендер

Ғузор туманида қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича ўтказилаётган халқаро тендер савдоларида биринчи босқичдан кейин 8 та иштирокчи - 4 та хорижий компания ва 4 та консорциум ғолиблик учун курашни давом эттирмоқда.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепциясига асосан юртимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини 30 гигаваттгача ошириш ва бунда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш белгиланган.

Мазкур концепция мақсадларига эришиш учун амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалардан бири Ғузор туманида соатига 300 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқаришга қодир қуёш фотоэлектр станцияси ва 63МВт/125МВт-соат қувватига эга бўлган электр энергиясини аккумуляция қилиш (энергия сақлаш батареяси) станциясини бунёд этишга қаратилган.

Станция қурилиши давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хусусий инвестор томонидан амалга оширилиши учун Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагида халқаро тендер, аниқроғи, инвестор танлови бошланган эди. Бу танловнинг биринчи босқичида сармоядорлар мазкур соҳада зарур тажрибага эга эканлиги ва керакли миқдорда пул ресурслари мавжудлигини исботлаб, тегишли шартлардан ўтиши керак эди.

Яқинда эълон қилинган маълумотларга кўра, танловнинг биринчи босқичига келиб тушган 12 та аризадан 8 таси тендер комиссияси томонидан минимал шартларга жавоб берди, деб топилди. Шу жараёнда Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Туркия ва Франциянинг компаниялари курашдан чиқиб кетган.

Энергетика вазирлигининг расмий сайтида халқаро тендернинг кейинги босқичига ўтган компания ва консорциумлар рўйхати келтирилган. Унда, жумладан, "Abu Dhabi Future Energy Company PJSC - Masdar" (БАА), "ACWA Power Company" (Саудия Арабистони), "Concord New Energy Group Limited" (Хитой), "Jinko Power (HK) Company Limited" (Хитой) компаниялари ҳамда "China Huadian Engineering Co. Ltd." (Хитой) ва "Universal Energy Co. Ltd." (Хитой), "ReNew Solar Power Private Limited" (Ҳиндистон) ва "Ajlan & Bros Energy Company" (Саудия Арабистони), "GD Power Development Co. Ltd." (Хитой) ва "Power China International Group Limited" (Хитой), "VPE Fund I LP" (БАА), "Helios Mech Pte. Ltd." (Сингапур) ва "LLC Solar System" (Россия) компаниялари консорциумлари қайд этилган.

Таъкидланишича, тендер комиссияси энергетика, молия ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги раҳбарлари ва ходимларидан ташкил топган.

Ўз мухбиримиз

Report typo