Ғузор туманидаги Совбоғ маҳалласида тадбиркор Раджу Шерқулов томонидан “Раджу” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳокимлик ахборот хизматидан билдиришларича, тантанали очилиш маросими 3-сектор раҳбари – туман ички ишлар бўлими бошлиғи, ҳокимият вакиллари, мактабгача таълим тизими мутасаддилари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик иштирокида ўтди.
Давлат хусусий-шериклик асосида ташкил этилган мактабгача таълим муассасасида келажагимиз давомчилари бўлмиш ёш авлодни тарбиялаш учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланган.
– 120 ўринга мўлжалланган мазкур боғча 1 миллиард 40 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ҳамда 1 миллиард 10 миллион сўм ўз маблағимиз ҳисобига бунёд этилди, – дейди тадбиркор. – Қўшни қишлоқлардан қатновчи болалар учун бепул автобус хизмати йўлга қўйилган.
Таъкидланишича, “хавфсиз боғча” тамойилига кўра, бино атрофлари ва барча хоналарида камералар ўрнатилган бўлиб, ота-оналар фарзандлари таълим жараёнини бевосита онлайн равишда кузатиб бориши мумкин.