Хабарингиз бор, пандемия шароитида умумтаълим мактабларида ўқув жараёнини ташкил этиш ва юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш масалалари бўйича шу йилнинг 7 октябрь куни вилоят ҳокими раҳбарлигида йиғилиш бўлиб ўтган эди.
Унда ўқувчилари энг кўп олий таълим муассасалари талабасига айланган мактаблар эътироф этилиб, бирорта ҳам ўқувчиси ўқишга киролмаган умумтаълим муассасалари раҳбар ва педагоглари танқидга олинган, галдаги вазифалар белгиланганди.
Бирорта ўқувчиси ўқишга кира олмаган мактаблар қаторида Ғузор туманидаги 39-мактаб ҳам бор. Туман ҳокими Бекзод Суюнов, халқ таълими бўлими мудири ва тегишли мутасаддилар мазкур мактабга боришиб, мавжуд шароит билан танишишибди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ҳоким, халқ таълими бўлими мудири, мактаб маъмурияти халқ вакилларидан паст кўрсаткич сабаб кечирим сўрашибди.
“Ушбу мактабнинг кўрсаткичи пастлигида, аввало, бизнинг ҳам айбимиз бор, таълимга етарлича шарт-шароит яратиб бермаганлигимиз, қолаверса, айрим ота-оналар фарзандлари келажаги учун эътибор қаратмаганлиги сабаб бўлди”, дея таъкидлаган Бекзод Суюнов.
Албатта, қониқарсиз натижа сабаблари ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилангани яхши. Узр сўрашга келсак... Турфа соҳа вакиллари бўлар-бўлмасга кечирим сўраб, сувдан қуруқ чиқиб кетаётган айни даврда бу сафаргиси ҳам ўшаларга ўхшаб қолмасайди, деган ҳадик бор кўнгилда. Аслида кечирим сўрашга ҳожат йўқ, келгуси йил яхши натижа кўрсатилсин, шунинг ўзи бу йилги камчиликларни тўлдириб кетади.
Маълумот ўрнида айтиш ўринли, Ғузордаги 9-мактаб вилоятда битирувчилари энг кўп ўқишга кирган мактаблар ўнлигидан жой олган.