Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.МУРОДОВ

30.05.2017


УЗВИЙ РИШТАЛАР ВА ЎЗАРО ИШОНЧ

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, мамлакатимиз ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил-қўшничилик муҳитини шакллантиришни кўзда тутади.

Қайд этиш жоизки, юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам турли миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув, бирдамлик, баҳамжиҳатликда юрт равнақи, эл фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб яшамоқдалар. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, ўз қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданият, урф-одат, анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришлари учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Барча миллат вакиллари давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий жараёнларда кенг ва эркин иштирок этмоқда.

Делегация аъзолари дастлаб Қарши шаҳрида миллий маданий марказлар учун ташкил этилган "Дўстлик уйи" фаолияти билан танишди. Марказлар раҳбарлари билан бўлиб ўтган давра суҳбатида турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг ишончли кафолати экани таъкидланди.

Шунингдек, делегация аъзолари Деҳқонобод, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида ҳам бўлишиб, тожик миллатига мансуб ёшлар таҳсил олаётган таълим муассасаларидаги ўқув жараёни, тегишли адабиётлар билан таъминланганлик ҳолати, яратилган шароитларни кўришди.

"Миллатлараро тотувлик - тинчлик ва тараққиёт гаровидир" мавзусида ўтган тадбир доирасида ижодкор ёшларнинг миллий ҳунармандчилик асарлари, турли тиллардаги тарихий, бадиий китоблар кўргазмалари, тожик ва ўзбек миллий фольклор жамоалари иштирокида концерт дастурлари намойиш қилинди.

- Ўзбекистонда қисқа вақт ичида миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида ўзига хос бой тажриба тўпланди, - дейди Республика тожик миллий маданий маркази раҳбари Шарофат Эрматова. - Бунда миллатларнинг тили, маданияти ва урф-одатларини асраб-авайлаш билангина чекланмасдан, балки барча миллат ва элатларнинг умумий бирдамлигига, улар эътиқод қилаётган динларда бағрикенглик тамойилини мустаҳкамлашга ва бир ғоя атрофида жипслашишга катта эътибор берилгани қувонарлидир. Бунга Қашқадарё вилоятида 4 кун давом этган учрашувлар давомида яна бир бор амин бўлдик.

Тадбир "Рангин камон" кўрсатуви ижодкорлари томонидан тасвирга олиб борилди. Шу асосда ҳудудлар аҳолисининг турмуш тарзи, турли миллат вакилларидан иборат оилалар ҳаёти акс этган лавҳалар тайёрланди. Умуман, мазкур тадбир икки халқ ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳамкору ҳамфикрлиликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.

М.МУРОДОВ

Report typo