Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сирожиддин ЖАҲОНОВ

15.02.2019


ВАЪДАГА ВАФО ҚИЛМАСЛИК МУНОФИҚЛИК БЕЛГИСИДИР

Бу иллатнинг қанчалик ёмон эканлиги ва динимизда бу ҳақда нима дейилганини билиш учун муборак ҳадисларга назар ташлаш кифоя.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, (унга) омонат топширилса, омонатга хиёнат қилади". 

Ушбу ҳадисни шарҳ қилган уламолар айтадики, кимда ушбу сифатларнинг учови ҳам бўлса, у ҳақиқий мунофиқдир. Кимда бу сифатлардан бири бўлса, унда мунофиқликнинг битта аломати бор. Мунофиқларга бериладиган жазо ҳақида эса Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга ёрдамчини топа олмассан" (Нисо сураси, 145-оят).

Ахлоқ китобларида ваъдага вафо қилмоқ мард кишиларнинг иши экани таъкидланади.

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий вафо ва садоқатни инсоният бошидаги жиғада порлаб турган гавҳардир, деб таърифлаганди. Буюк шоир яна уқтириб ўтган эдики, агар ҳаёт чаманида вафо гули бўлмаса, у гўзал ва оромбахш бўла олмайди.

Соҳибқирон Амир Темур эса шундай дейди: "Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим".

Энди ўйлаб кўрайлик: бир кишининг чақириғига ваъда қиламизу бормаймиз ёки белгиланган соатда бора олмаймиз. У киши ўз ишларини ташлаб, кутиб туради ва хавотирланади. Биз унинг ишдан қолгани ва хавотир олганига эътибор қилмаймиз. "Ваъда - қарз", ваъдага хилоф эса  мунофиқлик эканини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ҳатто кўпимиз бажариш ниятида эмас, балки шунчаки суҳбатдошнинг сўзини қайтаришдан уялиб ваъда бериб юбораверамиз. Бу ҳол ваъдада турмаслик эмас, балки ваъдабозлик нияти билан бўлганидан икки карра қабоҳатдир.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳдан "Бирор кишининг ёлғончи ёки ростгўй эканини қандай биласиз?", деб сўрашганида, "У билан учрашув белгилайман. Агар вақтида келса, у ростгўйдир. Агар кечикиб келса, у ёлғончидир", деб жавоб берган эканлар.

 Ваъдада турмасликнинг гуноҳи қанча катта бўлса, унга вафо қилишнинг савоби ҳам шунчалик улуғдир.

Демак, ваъда беришдан олдин у ҳақда яхшилаб ўйлаб кўрайлик. Ваъда бердикми, эвазига нимани бой берсак ҳам, устидан чиқайлик. Ҳар бир инсон жамиятда чиройли ўрнини топмоқчи бўлса, сўзига эътиборли, ваъдасига вафодор бўлмоғи лозим.

Сирожиддин ЖАҲОНОВ,

Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

Report typo