Тинглаб туролмайсан. Эшитиб чидолмайсан. Лаҳза, сония сайин абадият қаърига ғарқ бўлаётган бу зарбларни ушлаб ҳам қололмайсан. Қувиб етолмайсан...
Аммо баъзан Вақт тўхтаб қолгандек туюлади. Ҳеч эътибор берганмисан, дўстим?! Қачон, дейсанми?
Онанг ҳузурига борганингда. Бемор қондошингни йўқлаганингда. Қадрдон дўстингнинг дийдорига қонганингда. Ва... гўдаклар билан қувнаган онларингда. Яна кимгадир самимий, беғараз кўмак қўлини чўзганингда.
Кел, Вақтни тўхтатиб яшайлик!
ЙИЛ
Бола эдик. Акам иккимизнинг хаёлимизга ХХI асрда оиламиздагилар неча ёшда бўлишини ҳисоблаб чиқиш фикри келиб қолди. Шартта қоғоз-қалам олиб, ҳисоб-китобни бошладик. Ўша пайтда биримиз 14, биримиз 11 ёшда эканмиз, бола тасаввуримизда ХХI аср биздан жуда-жуда олисда тургандай туюлган экан-да...
Ўша олис келажакда ота-онамизнинг ёши элликдан ошиши, ўзимиз йигирмадан ҳатлаган бўлишимизни ҳисоблаб аниқлаганимизда роса ҳаяжонга тушгандик. Худди ўзимиз улғайиб қоладиган ўша вақт жуда кўп ишларни амалга оширадигандай, кўп нарсага эришадигандай туюлган. Бир неча кун шу ҳаяжон бизни тарк этмаганди, орзулар, ниятлар... Ҳам уларга тезроқ эришиш учун Вақт тезроқ ўтишини исташ...
Ҳар бир йил ниҳоясига етганида ўша ҳолатни эслайвераман. Ўшанда худди ўтмайдигандек кўринган йилларнинг бир зумда ўтиб кетганини ўйлайман. ХХI аср аллақачон бошланиб, ҳатто унинг 17 йилини яшаб ҳам қўйдик. Нималаргадир эришдик, нималарнидир, кимларнидир йўқотдик...
Йиллар эса бизга ўзининг сабоғини бериб, cialis 20mg хулосасини айтиб, ўтаверди.
Биздан эса сўрамади ҳам, кетаверайми, мендан кутганинг не эди, демади. Ҳамон бу саволни бермайди у. Бу саволнинг жавобини кетар олди ўзимиздан сўрайди...
ОЙ
- Икки ойдан кейин тўй...
- Уч ойдан кейин фарзандли бўламиз...
- Бир ойгина вақт беринг, ҳаммасини ҳал қиламан...
- Олти ой қолди, имтиҳонларга тайёрланаяпман...
Ойлар биз учун шунчаки муддат. Уларга қараб, муҳлат берамиз, муддат оламиз. Ойлик режалар тузамиз, ишларимизни тақсимлаймиз. Бир ойнинг ичида оламшумул ишларни амалга оширишга бел боғлаймизу бу муддатнинг шамолдай тез елишини ўйламаймиз. Гоҳо ўз ташвишимизга кўмилиб, ойнинг ўтиб кетаётганини ҳам сезмаймиз. Ёки олдиндаги бирор воқеани кутиб, унинг тезроқ, жадалроқ ўтишини истаб қоламиз. Вақтнинг ўттиз-ўттиз бир кунлик бу парчаси эса гоҳида қўлимиздан тутиб, ортидан шитоб-ла эргашишга ундаса, гоҳо устимиздан кулгандай тақвим варағидан оҳиста узилиб кетаверади...
КУН
Офтоб заминга бўйлаб, янги кунни бошлаб берди.
Заррин нурлар кўча-кўйни, хона-уйни ёритиб, кўнгилларга мўралади.
Қайсидир дилнинг хуфтони тарқади. Қай бир кўнгил янги умид билан уйғонди. Кимдир ишига ошиқди. Кимдир ўқишга. Бошқа биров яқинлари қошига. Кимдир савоб сари юрса, кимдир озор сари юзланди.
Бу амалларнинг бари учун кун аввалида ният қилинди. У ҳам шунга монанд ўтишга ўрганган: сўраганини беради ҳар кимга. Яхшилик истаганга яхшилик, ёмонлик тилаганга ёмонлик.
Ўзи эса офтобнинг изидан ботаркан, ортига бир қайрилмайди. Худди ой, йил ва Вақт сингари...
ОРЗУ
- Катта бўлсам, олим бўламан!
- Мен эса шифокор бўламан!
- Мен энг катта бошлиқ бўламан!
Тарбиячи гўдакларнинг беғубор гурунгини эшитиб, мийиғида кулди. Сўнг жимгина дафтарига сурат чизаётган болакайдан сўради:
- Сен-чи, Бобуржон, катта бўлсанг, ким бўласан?
- Мен катта одам бўламан...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА