У секин ичкарига мўралади. Креслода ўтирган ёшгина жувон нима биландир машғул эди. Уни кўриб, келинг, хизмат, деди.
"Мумкинми, бирпас ўтирсам?".
"Албатта, ўтиринг".
У ўтирди. Хаёлини хотиралар чулғаб олди: илк ишга келган куни, куч-қувватга тўла навқирон йигитлиги, гоҳ мақтов эшитиб, гоҳ танбеҳ олгани, чоп-чоплар ичида умри ўтиб боргани, кексаликнинг нуқси уриб, сочларига оқ оралагани, шижоати сусайгани, пенсияга чиққани ва болалари қўймай аёли иккисини пойтахтга олиб кетишгани...
Қишлоғига қайтганидан буён хаёли шу томонда. Нимадир уни шу томон етаклади. Нимадир уни ўзига тортди. Келишга келдию... Ҳеч ким уни танимади, у ҳам ҳеч кимни танимади... Ўша "нима"ни тополмади... Кўргани ва танигани фақат ўша савлатли ва салобатли бино бўлди...
Бино ҳануз навқирон, ҳануз ҳашаматли, ҳануз ғоздай керилиб турибди.
У эса...
Қўлидаги ҳассасига қаради. Инсон қанчалар омонат, қанчалар ожиз. Вақт қанчалар бешафқат.
Юраги қалқиб кетди унинг...
КАЙФИЯТ
"Лаънати вақт! Бунча шошмаса! Орқа-олдига қарамайди-я. На тўхташни билади, на оромни. Чопгани чопган. Оёғига кирза этик кийиб олгандай қолдирган изини-чи? На ўчириб бўлади, на йўқотиб. Лаънати вақт!.."
У ойнага қараб тураркан ўзига ўзи тўнғиллади. Аслида ҳуда-беҳудага кўзгуга қарамасди, лекин ҳозир уйдан чиқаётиб бурчакда турган ойна олдида тўхтаб қолди. Сўнг яқинлашди. Қараса, кўзойнак турибди. Кўзойнакни тақиб олди ва ойнанинг яқинигача бўйнини чўзиб борди. Бирдан... Юраги орқасига тортиб кетди. Юзи ғижимлаб ташланган қоғозга ўхшарди. Ҳамма ёғини ажин босиб, тўғри, эгри чизиқлар бир-бири билан туташиб, катта-кичик катакчалар ҳосил қилган.
У панжаларини юзига тегдириб, пастга қараб тортди, ўзича ғижимни ёзмоқчи бўлди. Бети бир оз таранглашди, аммо ажинлар ўрнида чизиқлар билиниб қолди, қанча тортмасин уларни йўқотолмади, ўчиролмади.
Ноилож қўлини қўйиб юборди, юзини яна ажинлар ўраб олди. Кайфияти бузилди. Етмиш йиллик хира кўз билан бу қадар аниқ кўринмасди юзи. Кўзойнак унинг ҳақиқий башарасини кўрсатиб қўйди.
У шу кайфият билан пешайвонга чиқди. Зинадан тушаверишда панжарага суяниб кенг ҳовлига кўз югуртирди. Бир-бирига чирмашиб кетган дарахтлар, чиройли ясалган ишком, ҳовлининг тўрт томонини ўраб олган уй-жойлар... Ҳаммаси кўзига омонат кўринди ва юраги шув этиб кетди.
Шу пайт дарвозанинг шарақлаб очилгани эшитилди. У нигоҳини дарвозахонага қадади. Келини қўлида сумкаси билан шошиб уйига кириб кетди, қайнонасини пайқамади ҳам.
Келинини кўриб кайфияти баттар бузилди. Ичи ёна бошлади, кўзига келини балодай кўринди. "Келгинди! Шунча дов-дастгоҳ сенга қоладими? Бу ҳовлини ҳовли, уйни уй қилгунча султон суягим сув бўлган. Бир ғиштни бу ердан олиб у ерга қўймай ҳаммасига эгалик қиласанми? Бетайин хешларинг уйимга ин қуриб оладими? Ҳовлимни оёқ ости қиладими?"
Мияси ғувиллай бошлади. Худди бугун-эрта ўлиб қолаётгандай, қудаси - келинининг онаси уй тўрида ўтириб баковуллик қилаётгандай ваҳимага тушди. "Бунақаси кетмайди, - ўзига ўзи гапирди у, - ўғлим билан гаплашиб олишим керак. Ўлсам хотинингни одамларини йўлатмайсан, мўр-малахдай ҳовлимни босиб олса, гўримда тикка тураман, дейман. Агар сўзимни икки қилсанг, берган оқ сутимга розимасман, дейман. Нима десам дейман..."
У важоҳат билан зинадан тушаётганди, қадамини нотўғри ташлаб юборди ва йиқилиб тушди...
Оёғи синибди. Бир ойдан ортиқ гипсда ётди. Қизлари бирров келиб хабар олиб туришди. Ҳали эрини, ҳали боласини баҳона қилиб, онанинг бир кеча ётиб кет, деган сўзларини ерда қолдиришди.
Келин эса таътилга чиқди. Қайнонаси оёққа тургунича ёнидан жилмади...
Лола ЎРОҚОВА