Биламизки, ҳар бир киши божхона чегаралари орқали ҳаракатланаркан, мазкур декларацияни тўлдириши керак. Унинг тартиби Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 5 августда рўйхатдан ўтказилган Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақидаги қарор иловасида кўрсатилган.
Божхона декларациясидаги эслатмада эса фуқаролар томонидан божхона ҳудудига олиб кириш (чиқиш) тақиқланган ва рухсатнома талаб этиладиган товарлар ҳамда товарларни божсиз олиб ўтиш меъёрлари, шунингдек, нақд миллий ва чет эл валюталарини олиб ўтиш қоидалари тўғрисида маълумотлар мавжуд.
Вагон электриги Валижон Зиёев бу борадаги тартиб-қоидани, божхона чегарасидан нимани қандай олиб ўтиш кераклигини билмасди, десак хато бўлади. Биларди, билмаса, декларацияда кўрсатиб қўйилганди. Текшириш давомида шу нарса аниқ бўлдики, у вагоннинг турли жойларига яширинча жойлаштирилган 350 килограмм “Аланга” навли гуручни келгусида сотиш мақсадида қўшни давлатга ноқонуний тарзда олиб ўтмоқчи бўлган экан.
Яна бир ҳолатда, 27 октябрь куни худди шу поезднинг 10-вагони кузатувчиси Сайфулло Асомиддинов ҳам қинғир йўлни танлаб, ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан, вагоннинг турли жойларига яширинча жойлаштирган ҳолда 230 килограмм гуручни ўз юртига ноқонуний равишда олиб ўтаётганда тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 12 та ҳолатда 3 минг 379 килограмм гуруч божхона чегаралари орқали ноқонуний ташиб кетилишининг олди олинган.
Унутмаслик керакки, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ҳалқимизни сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай экан, юқоридаги каби зарур озиқ-овқат маҳсулотларини мамлакатимиз ҳудудидан ноқонуний ташиб кетилишининг олдини олишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан бирга барча фуқароларимиз ҳам бирдек масъулдир.
Жаҳонгир БЕГАЛИЕВ, “Қарши” темир йўл чегара божхона пости бошлиғи