Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хайрулло РУСТАМОВ

01.11.2019


ВАЛЮТАФУРУШЛАР ҚЎЛГА ТУШДИ

Ноқонуний иш - келтирар ташвиш

Биламизки, бундан уч-тўрт йил олдин хорижий валютанинг олди-бердиси билан ноқонуний шуғулланувчилар сони кескин кўпайиб кетиб, халқ тили билан айтганда "қора бозор"да иш  қайнарди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан мамлакатимизда барча юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиши, сотиб олиши ва тасарруф этиши учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Энди ҳар бир фуқаро банк шохобчасидан хоҳлаган миқдорда валюта сотиш ва сотиб олиш имконига эга. Бироқ "Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас",  деганларидай, хорижий валютанинг ноқонуний олди-сотдиси билан боғлиқ ҳолатлар ҳамон учраб турибди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти  вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида ана шундай ҳолатлар фош этилмоқда.

Жумладан, Қарши шаҳрилик Х.Ғ. ҳамда Б.Н. ҳам ўзларидаги хорижий валютани сотиш учун банк шохобчасига боришдан кўра "қора бозор"ни афзал билишган. Улар Қарши шаҳридаги "Ойдин" бозори яқинида 9300 АҚШ долларини ноқонуний равишда сотаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Х.Ғ. ҳамда Б.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Хайрулло РУСТАМОВ,

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари

 

Report typo