Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

15.01.2019


ВАТАН - МУҚАДДАС, УНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ШАРАФЛИ БУРЧДИР!

Вилоятимиз марказидаги "Эл-юрт таянчи" монументи эса тинч-осойишта ҳаётимизнинг рамзини ифода этади гўё. Шу сабаб ҳам ҳар йили ҳарбийларимиз ушбу монумент пойига гулчамбар қўйиб, аждодларимиз эъзозлаган қадриятларга, тинч-фаровон ҳаёт шукронаси рамзига ҳурмат бажо келтирадилар.

Анъанага мувофиқ, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий бўлинмалар, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва жамоатчилик вакиллари Қашқадарё соҳилидаги   хиёбонга ўрнатилган "Эл-юрт таянчи" монументи пойига гуллар қўйишди. Мазкур тадбирда ҳарбийларнинг оила аъзолари, фарзандлари, яқинлари ҳам иштирок этишди.

Сўнг ҳарбийлар ва спортчилар марши намойиш этилди. Асосий тантаналар "Ватанпарварлар" боғида бўлиб ўтди. Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган мазкур боғда музей, амфитеатр, турли аттракционлар, автодром, электрон тир, лукодром, парашютдан сакраш майдончаси кабилар жойлашган, Мудофаа вазирлиги тақдим этган ҳарбий техника ва самолётлар намуналари экспонат сифатида ўрин олган. Ушбу боғ нафақат мароқли дам олиш маскани, балки ёшларни ҳақиқий Ватан ҳимоячилари этиб тарбиялашда ҳам алоҳида аҳамият касб этаётир.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Шу билан бирга, давлат раҳбарининг "Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ тақдирланган, вилоятимизда жойлашган ҳарбий қисм хизматчиларига давлат мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

- Қутлуғ сана арафасида Президент фармони билан "Жасорат" медали билан тақдирланганим менга фахр-ифтихор бағишлайди, - дейди Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм гуруҳи командирининг ўринбосари, сержант Қўлдош Эллиев. - Ҳарбий қисмда спорт йўриқчиси сифатида фаолият олиб бораман. Қўл жанги, армрестлинг, ушу спорт турлари бўйича чемпионларимиз кўп. Ўзим кураш бўйича Ўзбекистон биринчилиги ғолибиман. Айни пайтда ҳарбийларнинг фарзандлари учун ҳам тўгараклар очганмиз. "Армия ва халқ - бир тану бир жон!" шиори остида ёш ўғил-қизлар учун "Очиқ эшиклар куни" тадбирлари мунтазам ўтказиб борилмоқда.

Санъат усталари ва ҳарбий оркестр аъзолари иштирокидаги концерт дастурида Ватан ҳимояси шарафли бурч экани ўз ифодасини топди. Байрам тадбири шаҳардаги муҳташам ресторанлардан бирида бир пиёла чой устида давом эттирилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: байрам тадбирларидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo