Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нуриддин ЭГАМОВ

25.08.2018


ВАТАН “ЮРАКЧА” ЭМАС, ЮРАК БИЛАН СЕВИЛАДИ

Йўқса, қай бир инсон туғилиб ўсган юртига муҳаббатини изҳор қилишда ўзга тилни восита қилади? “Ватан – она”, деймиз, ахир ҳар бир киши ўз онасига она тилида мурожаат қилмайдими? Аслида шунчаки “Мен она шаҳримни севаман” дейишнинг нимаси ёмон?

Хўп, “Хўрозқанд – чет элники...” ҳам дейлик. Унда бориб, кўриб келганлар айтишсин-чи – Парижда Эйфель минораси, Мисрда эҳромлар, Ҳиндистонда Тожмаҳал, Москвада Кремль, Римда Колизей ёнида ҳам шундай “ноёб” битиклар бормикан?

Хўп, туристлар учун инглиз тилида ёзишгандир, ҳам дейлик. Унда нега “Кarshi” эмас, “Qarshi”?

“Ана, Тошкентда ҳам шундай-ку!”, деб қолди мутасаддилардан бирови. Аммо...

♥ нинг авлиё Валентинга, яна “алламбало”ларга алоқадор рамз эканлиги ҳақида маънавиятимиз пешволари ОАВда етарлича чиқишлар қилишганди-ку...

Яна бир гап. Бугун телефону интернетга муккасидан кетган кўпгина ёшларимиз ўзлари “кашф қилиб” олган ва кундан-кунга “такомиллаштириб” бораётган SMS ва ижтимоий тармоқлар “имло”сига ўрганиб бўлди. Ҳарфлар ўрнига рақамлару “смайлик” ва “юракча”лар сингари тимсоллардан фойдаланишга ўрганиб бораётган навқирон авлод вакилларидан бири яқинда газетага эълон бериш учун ариза ёзаётиб отасининг исмини “Wovkat” деб битибди...

Бугун замонамиз Отабеклари ўз Кумушларига оловли изҳорга йўғрилган мактублар ўрнига “юракча”ли SMSлар йўллаб қўя қолишаяпти. Гўё туйғулар ҳам рамзлар қолипида ўтмаслашиб бораётгандай...

Шундай “имло”да ёзадиган бир ўсмирдан бунинг сабабини сўраб кўрдим. У бепарво қўл силтади: “Тез ёзамиз-да. Ҳамма ёзаяпти-ку. Бу Сизга диктантми? Тушунса – бўлди-да...”

Энди бир мулоҳаза қилинг. Марказий кўчаларимиздаги улкан “юракча”лар ёшларимизга нимани ўргатади?

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон яқинда ўзининг сайтида “Бир дона мих ёхуд чаламуллалик кумир бўлди” мақоласини эълон қилди. Адиб ғарблашув (ғариблашув) таъсири остида “Маданият ва маърифат” телеканалидаги “Кумир” кўрсатувига қўйилган ном (таъкидланишича, бу сўз “бут” маъносини берар экан) баҳонасида куюнчаклик билан шундай ёзади: “Битта ном учун шунча гапми,  дейишга шошилманг. Битта нотўғри қўйилган ғишт, битта чириган оғоч эртага бутун бир иморатнинг қулаб тушишига сабабчи бўлиши мумкин. Шу жойда яқиндагина фейсбук саҳифаларидан бирида ўқиганимни эсладим ва уни қисқача таҳририм билан сизга тақдим этаман:

ПРУССИЯЛИК ОНАЛАР АЛЛАСИ

...Нега бундай бўлди?!

Сабабини топайлик:

Нега шаҳар душман қўлига ўтди?

Чунки қўшин енгилди…

Қўшин нега енгилди?

Чунки саркарда ҳалок бўлди…

Саркарда қандай ҳалок бўлди?

Отдан йиқилиб…

Отдан нега йиқилади?!

Чунки отнинг тақасини қоқаётганда

Тақачига бир дона мих

етмай қолганди…

Бир дона мих деб бутун

бир халқ қул бўлди…”

Хулоса ўрнида бир таклиф! Бундай “ноёб иншоот”лар ўрнига “Қарши –  Мустақилликнинг старт майдони” (Абдулла Орипов таърифи) ёхуд “Қарши – Амир Темур зафарларининг калити” деб битганимиз минг карра аъло эмасми?

Мана, интернетда Тошкент гербини яратиш ҳақида қанча мулоҳазалар билдирилаяпти. Балки Амир Темур кўприги тимсолида Қарши гербини яратиш ҳақида ўйлаб кўриш керакдир?! Ахир бундай тайёр ва бетакрор маънога эга бўлган тимсол яна қаерда бор? Кўприк – ўтмиш ва келажакни, аждодлар ва авлодларни, элларни, йўлларни, дилларни боғлайдиган рамз эмасми?!

Нима бўлганда ҳам исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор – Ватан аллақандай “юракча”лар билан эмас, ЮРАК билан севилади!

Нуриддин ЭГАМОВ

Таҳририят муносабати

ШАҲАР ҲОКИМЛИГИДАГИЛАР НИМАНИ МАҚСАД ҚИЛГАНДИ?

Кўзи тушганлар бордир, бир муддат аввал вилоят мусиқали драма театри ёнида худди шундай “юракчали” битик пайдо бўлди. Ўрнатилиши ҳамоно унинг сурати газетамизнинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жамоатчилик фикрини билиш мақсадида жойлаштирилди.

Энг қизиғи, мазкур пост 200 дан зиёд “лайк” йиққани ҳолда бирор киши “I ♥ QARSHI” деган лавҳага ижобий муносабат билдирмади. Фойдаланувчилардан бири “Оммавий маданият”нинг бир кўриниши” деб баҳо берган бўлса, яна бир юзер “Qarshi эмас, Karshi бўлади” деб лавҳадаги хатони айтди. “Baxadir Musaev” номли профил эгаси эса “Аввало, ёзилса ё инглиз тилида, ё ўзбек-лотин алифбосида бўлиши керак, “I love Qarshi” бўлмасди шунда. Иккинчидан, бу юрак белгисини 14 февраль куни роса боплаб таъзирини берамиз-ку (аслида у эротик белги). Яна буни маданият кошонаси ёнида ўрнатиш нимаси? Етиб келибмиз шекилли”, дея фикр билдирди.

Вилоят мусиқали драма театри директори Ўткир Маматқулов ижтимоий тармоқдаги ушбу постга “Буни театр қўйдиргани йўқ. Шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан қўйдирилган. Биз буни олдиришга ҳаракат қиламиз”, деб ўз муносабатини баён қилди.

Аҳамиятлиси, ижтимоий тармоқдаги фикрлар акс-садоси ўлароқ, ушбу лавҳа эртаси куниёқ театр биноси ёнидан олиб ташланди. Бироқ бу ердан олиб ташлангани билан “Атлас” савдо мажмуаси ёнида хўтикдай ҳарфлар билан ёзилган             “I love...” “қўр” тўкиб турибди. 

Ушбу ҳолат мамлакатимиз зиёлилари эътиборидан ҳам четда қолмаганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, журналист Олимжон Ўсаров “Ғоя жуда яхши экан, лекин шу сўзларни ўзбекча қилиб ёзса бўлмайдими? Инглизлар ўзбек тилида “Мен Лондонни яхши кўраман” деб ёзармикан, нима дейсиз? Агар илтимос қилсак-чи? Барибир “ЙЎҚ”ми?! Унда биз нега ўз шаҳримизни севишимизни ажнабий тилда изҳор қилишимиз керак? Шусиз ҳам Навоий, Бобур, Абдулла Ориф, Эркин Воҳид ижод қилган, ардоқлаган тилимизни кўп хўрладик-ку”, деган фикрни билдирган бўлса, таниқли карикатурачи рассом Маҳмуджон Эшонқулов “Ҳамма жойда оммалашиб кетяпти мана шу нарса. Ўзимизнинг чиройли тилимиз бор. Шу кунларда Бешариқ шаҳрида бўлиб қайтдим.  У ернинг марказида ҳам “I love Beshariq”ни худди шу услубда катта қилиб ўрнатиб қўйишибди”, дея изоҳ қолдирган.

Ижодкор Ўктам Мирзаёр “Ўша, биз юрак деб қабул қилган қизил сурат асли қамоқхонада чизилган. Ишратли “муҳаббат” манбаининг тасвири. Бу ҳозир хорижда “оммавий маданият” тарғиботчиларининг рамзига айланган. Афсуски, буни тушунмаяпмиз”, дейди.

Азамат Зиё эса муаммонинг илдизига теранроқ назар солишга интилади: “Кеча ёки бугун қайсидир бир телеканалимизда Тожикистонга саёҳатга тарғиб этувчи лавҳаларда мазкур мамлакат пойтахтидаги “I love Dushanbe”га кўзимиз тушдию, шу ҳақида ўйлаб юрган бир хулосамиз ўз тасдиғини топди. Яъни бу каби бегонапарастлик, аслида эса ожизлик бизгагина эмас, кечаги мустамлака миллатларнинг кўпчилигига хосдир. Бир сўз билан айтганда, ўзликни англаш жараёни биздагина эмас, бошқаларда ҳам қийин кечмоқда. Нега шундай бўлмоқда? Президентимиз сўзлари билан айтганда, “Кечаги билим, тажриба, тизим билан бугунги ҳаётга мос келолмаймиз”. Кечаги билим, тажриба, тизим моҳияти нимадан иборат? Совет режимида илдиз отган билим, тажриба, тизимнинг сақланиб қолаётганида! Илгари Москвага тақлид қилинган бўлса, бугун эса устига-устак янгиларига. Тўғри, тақлид, ўрганиш керак. Бу фойдали иш ва бунга оид мисол ва тажрибалар жуда кўп. Масалан, японлар шундай йўл тутганлар, хитойликлар ҳам ишни шундан бошлаганлар. Аммо ўзлик эвазига эмас! Яна бир гап: миллий туғимизни бир неча ўн метр бўйликда тиклаш ҳам урф бўлиб бормоқда! Жуда яхши! Бироқ бу билан биз ўзликни англаш, миллатсеварлик, юксак тафаккур ва замонавий билим сингари марраларни моҳиятан эгаллай оламизми ёки йўқми?! Эски замонларга ўхшаш яна янгича кўринишдаги ура-ураларга муккамиздан кетмаяпмизми? Миллат, эл-юрт, вилоят, шаҳар, қишлоқ, маҳаллага нисбатан севги, садоқат ва фидойиликни юрагимизга ва уларни унумга айлантирадиган билимни миямизга ўрнатайлик. Ўзимизни қадрламоқчи бўлсак ва бизни қадрлашларини истасак, аввало тилимиз ва ёзувимизни қадрлайлик. Ишонаверинг, натижа албатта ва тез бўлади”.

Юқоридаги фикрлардан кўриниб турибдики, шаҳарларимизда “I love” шаклидаги лавҳалар ўрнатилиши кўпчиликка маъқул эмас. Якдил фикр шуки, қачонки бундай лавҳалар ўз тилимизда бўлса ва миллийлигимизни ифодаласагина, ўзини оқлайди. Шундай лавҳалар ўрнатиб, недир мақсад кўзлаётган масъуллар, хусусан, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари буни эсда тутишлари керак.

P.S. Яқинда Шаҳрисабз шаҳрида ҳам шу услубда ёзилган “изҳор” ёзувлари пайдо бўлди. Кимдир уни оламшумул янгилик сифатида кўрмоқда шекилли? Балки, шундай ўзига хослик керакдир, бироқ миллийлик асосида, она тилида, бир сўз билан айтганда юқоридаги каби кўпчилик зиёлилар фикрларини инобатга олган ҳолда...

Report typo