Шу боис байрам тантаналари арафасида ҳар бир киши истиқлолнинг ўз тақдиридаги ўрни, эришган ютуқларини мушоҳада этади. Атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, иқтисодий бўҳронлар, қирғинбарот жанглар, уруш-жанжалларга теран нигоҳ билан назар ташлаб, уларни юртимиздаги тинч-осойишта муҳит, улкан бунёдкорлик ишлари билан муқояса қилади ҳамда шу замин, шу тупроқ, эркин ва обод Ватанда яшаётганидан бахтиёрлик туйғуларини ҳис этади. Орзу ва интилишлари қадр топган, келажагини яратиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланган жамиятда умргузаронлик қилаётганига шукроналар айтади.
Бундан 25 йил муқаддам Президентимиз Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақил деб эълон қилинганида ўзбек халқининг чексиз қувончини таърифлаб бўлмас эди. Тан олишимиз керакки, бу тарихий воқеага ҳадик ва ишончсизлик билан муносабат билдирган ватандошларимиз ҳам бор эди.
Лекин мана шу 25 йиллик муддат ичида жуда кўп ҳақиқатлар рўёбга чиқди. Яъни ўзбек халқи ҳам дунёнинг кўпгина халқлари сингари ўз ери, дини, тарихига эгалик қила олиши, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эгалигини исботлади. Энди аввалги ҳадик ва ишончсизлик ўрнини дадиллик ва эртанги кунга ишонч эгаллади.
Президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган оқилона сиёсати боис мураккаб ва шарафли йўл босиб ўтилди, кўз кўрса қувонадиган улкан натижаларга эришилди. Энг муҳими, одамлар онгида ҳаётга янгича нигоҳ билан қараш шаклланди. Жаҳон узра Ўзбекистон деган давлатнинг обрў қозониши, “ўзбек модели” сингари бутун дунёда эътироф этилаётган ривожланишнинг ўзига хос йўли пайдо бўлиши ана шу қисқа даврда эришилган оламшумул воқеалардандир.
Дунёда неки мавжудот бор, ўз маконини эъзозлайди. Ҳатто полапонларини учирма қилишга шайлаётган жонсарак қушлар ҳам ўз ини атрофида доим парвона, ёт нигоҳлардан кўзқулоқ бўлишади. Бинобарин, сизу бизнинг орзу-умидларимиз ҳам, эзгу ниятларимиз ҳам ўз Ватанимизда бўй чўзади. Шунинг учун бўлса керак, юрт ҳақида гап кетганда, она сўзини албатта тилга оламиз. Зеро, ота-онамиз бизга нечоғлик мўътабар бўлса, Ватанимиз ҳам шу қадар бебаҳодир.
Шундай экан, ота-боболаримизнинг асрий орзулари ушалган кун –Мустақилликнинг ҳар куни, ҳар соати, ҳар дақиқасини кўзларимизга тўтиё айлаб, шодон тантаналар қилсак арзийди.
Мустақиллик туфайли юртимизда барча жабҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам ўзгаришлар рўй берди. Бугунги кунда республикамизда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Тоталитар тузум даврида диёримизда бор-йўғи 89 та масжид ва 2 та мадраса зуғум остида фаолият кўрсатган бўлса, айни вақтда 2000 дан ортиқ масжид, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом университетида мўмин-мусулмонлар эмин-эркин илм олиб, диний эътиқодларини амалга ошириб келмоқдалар. Собиқ тузум даврида вилоятимизда 2 та масжид фаолият кўрсатар, диний билим олишнинг эса имкони йўқ эди. Мустақиллигимиз, қомусимизга эга бўлганимиздан сўнг биргина вилоятимизнинг ўзида 182 та жомеъ масжиди ҳамда диний билим олиш учун Китоб туманида Хожа Бухорий номидаги ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу билим юртини ҳозирги вақтга қадар 800 нафардан ортиқ талаба битирди, шунингдек таҳсил олаётган илми толибларга 24 нафар ўз соҳасининг малакали мутахассиси бўлган ўқитувчилар дарс бериб келмоқда.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, собиқ совет даврида вилоятимиздан бор-йўғи 3 нафар фуқаро муборак Ҳаж зиёратига борган бўлса, юртимиз истиқлолга эришгандан сўнг 3400 нафардан ортиқ киши Ҳаж зиёратини, 1700 нафардан зиёд фуқаролар Умра зиёратини амалга ошириб қайтдилар. Диний бағрикенглик, виждон эркинлиги қоидаларига мувофиқ ва хавфсизлик мукаммал даражада таъминланган ҳолда юртимиз мусулмонлари мунтазам равишда Саудия Арабистонига муқаддас Ҳаж ва Умра зиёратларини тўлиқ адо этиш мақсадида бориб келмоқдалар.
Жумладан, вилоятимиздан ҳар йили 300 нафар зиёратчи муборак Ҳаж зиёратини, 200 нафар зиёратчи Умра зиёратини қилиб, у ерда яратилган қулайликлардан хурсанд бўлиб, юртимиз тинчлигини яратгандан сўраб дуолар қиладилар.
Шуни ҳам алоҳида эътироф этиш керакки, истиқлол шарофати билан юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби воҳамиздаги кўплаб зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар, масжиду мадрасаларда кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Қарши шаҳридаги Одина масжиди, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳи, Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой, Дорус-саодат, Дорут-тиловат мажмуалари, Муборак туманидаги Хўжа Абдуллоҳ ибн Муборак зиёратгоҳи каби тарихий обидалар тўлиқ қайта таъмирланди. Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга берган мустақиллик шарофатидан эканини ҳар биримиз ҳис этишимиз даркор. Чунки собиқ тузум даврида бу муқаддас гўшалар қаровсиз, хароба ва ташландиқ манзилга айланиб қолганди.
Мустақиллик шарофати билан пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг муборак ҳадисларидан, уламоларимизнинг бебаҳо китобларидан халқимиз баҳра ола бошлади. Муқаддас динимиз тарихи ва шариатимиз асосларини ҳар томонлама, илмий ва холисона ўрганиш йўлга қўйилди. Бир пайтлар совет қатағон сиёсати туфайли илм-маърифатга ўч ота-боболаримиз қанчадан-қанча диний китобларни пинҳона ўқиган, имкон тополмаса, бирор жойга кўмиб, уларни асраган эди. Истиқлол туфайли Аллоҳ таолонинг муборак каломи – Қуръони карим маъноларининг таржималари, турли диний мазмундаги, маънавий-маърифий мавзулардаги адабиётлар ўзбек тилига таржима қилиниб, халқимиз фойдаланиши учун чоп этилмоқда.
Муҳтарам Юртбошимизнинг сўзлари билан айтганда, “Дин бизнинг қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди”.
Ифтихор билан айтишимиз мумкинки, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари умумхалқ байрами сифатида нишонлана бошланди. Улуғ алломаларимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Мотуридий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний каби кўплаб мутасаввиф ватандошларимизнинг қадамжолари обод этилиб, таваллудлари кенг нишонланмоқда.
Шундай экан, истиқлолнинг аҳамиятини, унинг бутун бир миллат тақдирида, тарихида тутган ўрнини ҳар бир фуқаро, айниқса ёшлар чуқур англаб етиши, киндик қони тўкилган маконни эъзозлаб, унинг келажаги бундан-да ёруғ бўлиши йўлида астойдил ҳаракат қилиши ўзини шу замин фарзанди деб билган ҳар бир кишининг инсоний, айни пайтда муқаддас бурчидир.
Раҳматилло УСМОНОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби