Дейлик, вилоятимизда 50 мингдан ошиқроқ туркман миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Улар орасидан таниқли олимлар, санъаткорлар, ёзувчилар, шифокорлар, тадбиркорлар етишиб чиққан ва бу жараён узлуксиз давом этмоқда.
Рус миллатига мансуб фуқароларимиз ҳам халқ хўжалиги ва маданий соҳанинг барча жабҳаларида меҳнат қилмоқдалар. Ҳар йили рус миллий-маданий марказ томонидан қатор амалий тадбирлар ўтказиб келинади. Улар томонидан Александр Пушкин, Михаил Лермонтов, Александр Грибоедов, Сергей Есенин, Иван Бунин каби рус адабиётининг атоқли ва йирик арбобларига бағишлаб ўтказилган тадбирлар айниқса, қизиқарли бўлмоқда. Вилоятнинг асосий байрам тантаналари ҳам рус бадиий ҳаваскорлик тўгарагининг чиқишларисиз ўтмайди.
- Ўзбекистон - менинг Ватаним! Унинг ҳар бир гиёҳи мен учун қадрли. Шу юртда яшаётганимдан қалбим ғурурга тўлади. Ватанимизнинг нурли ва бахтли кунларини кўраётганимдан хурсандман, - дейди рус миллий-маданий маркази раиси Елена Кучеренко.
Татар-бошқирд миллий-маданий маркази 2001 йилда ташкил топган бўлиб, унинг қошидаги "Қыяш" ашула ва рақс дастаси кўпинча туманларда, ўқув муассасаларида хайрия концертларини уюштириб боришади. Уларнинг "Сабантуй" миллий байрами ҳар йили қариялар, ногиронлар билан бир пиёла чой атрофида кенг нишонланади.
Вилоятимизда миллатлараро тотувликнинг такомиллашувига муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган марказлардан яна бири араб миллий-маданий марказидир. Марказ 1993 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони Муродулло Саидов ташаббуси билан тузилган. Бу марказ ҳатто араб давлатлари элчихоналари билан алоқаларни йўлга қўйди. Араб миллатига мансуб Ниёзмуҳаммад Панжиев ўтган йили мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ҳукм сураётган ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини асраш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда миллий-маданий марказлар фаолиятини ривожлантириш борасидаги хизматлари учун Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги муносабати билан "Шуҳрат" медалига сазовор бўлди.
- Марказ қошида Ал-Арабия номли ансамбль тузилган бўлиб, иштирокчилар нафақат вилоят, балки республика миқёсидаги танлов ва тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда, - дейди Ниёзмуҳаммад Панжиев. - Улар ҳар йили республикада бўлиб ўтадиган "Ўзбекистон - умумий уйимиз" фестивалида иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритмоқда.
Тақдир тақозосига кўра, тожиклар ҳам Ўзбекистоннинг кўп миллатли аҳолисига айланган. Ҳозирги кунда вилоятда яшаётган ушбу миллат вакиллари барча жабҳаларда ўзбеклар ва бошқа халқлар билан ёнма-ён туриб, яратувчилик ишларига ўз ҳиссаларини қўшиб келаяпти.
- Мустақиллик йилларида мамлакатимизда улкан ўзгаришлар рўй берди, шаҳарлар, қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгарди, - дейди марказ раиси, "Дўстлик" ордени соҳиби Абдурасул Эргашев. - Барча соҳаларда ўсиш, юксалиш кўзга ташланди. Ушбу улкан ютуқларда бизнинг миллатимиз вакилларининг ҳам муносиб улуши борлиги кишига мамнуният бағишлайди, албатта.
Инсон ҳуқуқ-манфаатлари таъминланган, инсонпарвар мамлакатдагина ҳар қайси миллат вакили эмин-эркин ҳаёт кечириши, орзу-мақсадларига эришиб, бахтли яшаши мумкин. Бугун мамлакатимиздаги ўзаро тотувлик, дўстлик ва бағрикенглик муҳити тарихнинг бу кўҳна қоидасини яна бир бор инсониятга яққол намоён этмоқда.
Шоҳиста БОЗОРОВА