Ана шу топшириқлар ижросидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши билан Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида жойлашган болалар маданият ва истироҳат боғини “Ватанпарвар боғи”га мослаштириб реконструкция қилиш, боғ ҳудудидаги объектларни замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талабларига мос тарзда таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўз вақтида ташкил қилиш ҳамда мувофиқлаштириб бориш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланди. Айни вақтда боғ ҳудудида бош пудратчи ташкилот - “Қашқадарё нефтгаз қурилиш ва таъмирлаш” акциядорлик жамияти томонидан кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
- Қурилиш ишларига ташкилотимиздан 220 дан ортиқ ишчи-ходимлар, 30 дан ортиқ турли русумдаги махсус техника воситалари жалб этилган, - дейди жамият етакчи муҳандиси Жонибек Ражабов. – Ишлар икки сменада ташкил этилган. Шу билан бирга вилоятимиздаги бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам боғда кўзда тутилган ишларни бажаришда фаоллик кўрсатмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, умумий майдони 7 гектардан ошиқ бўлган “Ватанпарвар боғи” нафақат номи, балки, тайёрланган лойиҳага кўра, қурилиши, дизайни, қулайликлари жиҳатидан ҳам вилоятимиздаги бошқа истироҳат боғларидан мутлақо фарқ қиладиган бўлади. Бу ерга келган одам ўзини том маънода Ватанимиз тарихи, бугуни ва эртасининг бир бўлаги сифатида ҳис этади. Халқимиз босиб ўтган шонли тарих, мустақил диёримизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, тинч ва осуда кунлар қадри, барча-барчаси ўз ифодасини топади бу манзилда. Боғга келган ҳар бир киши мириқиб сайр қилиши, аттракционларда учиши билан бир қаторда, Қуролли Кучларимиз, юртимизнинг ҳарбий салоҳияти ҳақидаги тасаввурларини янада бойитиб олади.
Мисол учун, айни вақтда бу ерда қад ростлаётган асосий мажмуалардан бири шарқона услубдаги музейдир. У ташқи томондан Амир Темур ва ундан кейинги даврларда қурилган сарой иншоотларини ёдга солади. Бино атрофидаги муҳит ҳам тарихий қиёфа касб этади. Яъни, улуғвор бино дарвозасининг икки ёни ҳамда бино тепасидан соқчилар ўрин олади. Ичкарида эса мамлакатимиз ҳарбий тарихига оид буюмлар, расмлардан иборат экспонатларни томоша қилиш мумкин бўлади.
Ҳудудда барпо этилган яна бир йирик мажмуа – очиқ сув ҳавзаси ҳам алоҳида ўзига хосликларга эга. Ҳавза ичига ўрнатилган учта фавворанинг иккитаси сувни 30 метр, яна биттаси эса 50 метр баландликка пуркайди. Фавворалар атрофида эса ҳарбий қайиқ ва катерларда саёҳат қилиш мумкин.
Боғ лойиҳасини яратишда бу ернинг ёшларда ҳарбий касбга ҳавас уйғотадиган, ҳарбий-тактик ўйинлар ўтказиладиган маскан бўлиб қолишига ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, йўлаклар бўйлаб юрар экансиз, Қуролли Кучларимизда мавжуд қудратли ҳарбий техникалар, самолёт ва вертолётлар эътиборингизни тортмай қолмайди. Уларни бемалол томоша қилиш, техник имкониятлари, бошқарув усуллари билан яқиндан танишиш мумкин. Бундан ташқари, ҳарбий амалиётлар вақтида фойдаланиладиган окоп, унинг ичидаги алоқа техникалари, қурол-яроғлар кишида ҳарбий амалиёт майдонига оид тасаввурлар уйғотади.
Умуман олганда, лойиҳага кўра, боғ ҳудудида 18 та аттракцион ўрнатилади. Уларнинг ҳар бири “Ватанпарвар боғи” деган номдан келиб чиқиб танланади. Бундан ташқари унда, парашютда учиш, ўқ отиш майдончалари, автодром, лукодром, скалодром, очиқ амфитеатр, кафе ва музқаймоқхона каби дам олиш, кўнгилочар нуқталар бўлади. Атроф кўкаламзорлаштирилиб, турфа ранг гулларга бурканади. Ҳудудда маҳаллий гул ва дарахтлар билан бир қаторда, хориждан келтирилган, тропик иқлим табиатига хос гуллар, дарахтлар экилади.
Режага кўра, мажмуада август ойи ўрталарига қадар шу каби режалаштирилган барча ишлар якунланиб, у энг улуғ, энг азиз айёмимиз бўлмиш Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.