Фидойилик
Қарши шаҳрининг Қарлиқхона маҳалласида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Вера Носирова истиқомат қилади. Тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келиб қолган бу аёл юртимиз тинч-осойишталигидан бағоят мамнун эканлигини қайта-қайта таъкидлайди.
Вера Носирова 1925 йилда Украинанинг Харьков вилояти Волчанский туманида туғилган. 1941 йил 22 июнда кўплаб халқлар бошига адоқсиз кулфатларни ёғдирган Иккинчи жаҳон уруши собиқ Иттифоқ ҳудудини ҳам ўз исканжасига олганда, Вера ҳали мактаб ўқувчиси бўлган эди.
- Ўшанда 16 ёшли қизалоқ эдим, - дейди Вера Носирова. - Уруш даҳшатлари мен яшаган ҳудудга жуда тез етиб келди. Шаҳару қишлоқлар бирин-кетин душман қўлига ўта бошлади. Одамлар асир олинар, уйлар ёқиб юборилар, тинимсиз ўқ овозлари, бомбаларнинг даҳшатли гумбурлашидан қулоқлар қоматга келарди. Кўп ўтмай аввал отам, кейин акам урушда вафот этди. Укаларимни боқиш менинг зиммамга тушди.
Онахон бироз тин олиб, яна суҳбатни давом эттиради.
- Мактабда аъло баҳоларда ўқирдим. Немис тилини ҳам яхши билардим, - дея эслайди Вера момо. - Отам ва акамнинг ўлими фашистларга бўлган нафратимни оширди. Мен ҳам жангга киришни, ўз аскарларимизга ёрдам беришни хоҳладим ва ҳеч иккиланмай разведкачилик қила бошладим. Ўша пайтда жуссам анча кичик, ёшимга нисбатан анча ёш кўринардим. Шу боис икки йил давомида гўёки ўйнаб юргандек фашистларнинг ўқ-дори, озиқ-овқат омборлари, муҳим объектлари ҳақида кўплаб керакли маълумотлар тўплаб, совет аскарларига етказиб турардим.
Қонли кунлар хотираларини эслаш нақадар оғир. Буни онахоннинг кўзларидаги мунгдан, қалтираётган қўллардан англаш қийин эмас.
- Онам уруш йиллари ҳақида бизга жуда кўп гапириб берганлар, - дея суҳбатга қўшилади Вера Носированинг қизи Тамара Ҳасанова.- Айниқса, концлагерга тушганларини, у ердаги қийноқлар, азоб-уқубатлар ҳақида кўп гапирадилар, асир тушган кўп жангчилар бу азобларни кўтара олмай, ўлиб кетишганини айтиб, кўзларига ёш оладилар. Ва ҳозир ҳам Украина ҳудудида, ўзи туғилиб ўсган ўлкада нотинчлик бўлиб, жанглар кетаётгани ҳақида қаттиқ афсус билан гапиради.
Урушдан сўнг Вера Носирова Пенза шаҳрида оғир ярадор ётган ўзбекистонлик аскар Нажим Носиров билан танишади ва 1947 йилда Тошкентга, сўнг Қашқадарёга кўчиб келади. Шу-шу Вера Носирова Қарши шаҳрида истиқомат қилиб келмоқда. У нафақага қадар йўл қурилиш бошқармасида ҳисобчи, бош ҳисобчи бўлиб ишлади.
- Қаров яхши бўлганлиги сабабли онам ҳали бардамлар, - дейди Тамара Ҳасанова. - Набира келинлари Дилдора Шукурова ҳамшира. Туну кун онамнинг ҳолидан хабардор. Оилавий шифокоримиз Нодира Акбаровадан ҳам миннатдормиз. Сал тоблари қочса, қўнғироқ қилсак тезда етиб келиб муолажа қилиб кетади.
Онахон уни доимо йўқлаб келаётган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакилларига миннатдорлик билдирар экан, бугунги дориломон кунларга яна бир бор шукроналик келтирди.
Шоҳиста БОЗОРОВА