Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

14.08.2020


“ВЕРТИКАЛ ФЕРМЕРЛИК" ТЕХНОЛОГИЯСИ

Уни Ўзбекистон шароитида ҳам қўлласа бўладими?

Қашқадарё ва дунё

Кейинги йилларда дунёнинг кўпгина ривожланган мамлакатларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг янги ва инновацион усули - "вертикал фермерлик" технологияси тобора оммалашиб бораяпти. Бу технологиянинг ўзига хос жиҳати шундаки, унинг ёрдамида деярли барча турдаги ўсимликлар очиқ далада ёки анъанавий иссиқхоналарда эмас, балки изоляция шароитида, тупроқсиз ва қуёш нурисиз, озиқ моддалар аралашмаси  ўсимликнинг бевосита илдизига юбориладиган ҳолда етиштирилади. Бунда 95 фоизгача сувни тежаш ва очиқ дала ёки иссиқхонага нисбатан ўнлаб баравар юқори ҳосилдорликка эришиш имкони туғилади. Ўсимликлар қават-қават бўлиб етиштириладиган контейнерлар ҳар қандай иншоотлар, шу жумладан, эски, фойдаланилмайдиган корхоналар биноларида ҳам жойлаштирилиши мумкин.

"Вертикал фермерлик" технологиясининг афзалликлари, айниқса, ер ва сув танқис ҳудудларда яққол сезилади. Нидерландиядаги "PlantLab" компанияси мутахассисларининг ҳисоб-китобига кўра, очиқ дала шароитида 1 килограмм салат баргини етиштириш учун 250 литр сув зарур бўлиб, ҳосилдорлик 1 квадрат метрга 4 килограммни ташкил этади. Иссиқхона шароитида худди шу маҳсулотнинг 1 килограммини етиштиришга 20 литр сув сарфланади ва 1 квадрат метрдан 41 килограмм ҳосил олинади. "Вертикал фермерлик" технологияси қўлланилганда эса сув сарфи атиги 1 литр, ҳосилдорлик эса 120 килограммга тенг бўлади.

"PlantLab" компанияси айнан шу технология асосида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан Нидерландиянинг энг йирик шаҳарларидаги кўплаб супермаркетлар ва ресторанларни таъминлар экан, яқин 10 йил ичида бундан келадиган даромад миқдорини 1 миллиард еврога етказиш ниятида.

Яқинда мазкур компания раҳбарлари мамлакатимиз вакиллари билан онлайн-музокаралар олиб бориб, Ўзбекистонда ҳам "вертикал фермерлик" технологиясига асосланган лойиҳани амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилишди.

Эътиборлиси, Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги уюштирган бу музокаларда юртимиздаги бир қатор вилоятлар, шу жумладан, Қашқадарё мутасаддилари ҳам иштирок этишди.

"PlantLab" компаниясининг мутахассислари Ўзбекистонда синов тариқасида дастлаб қиймати тахминан 2 миллион еврога тенг пилот лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишни режалаштираётганини айтиб, унинг доирасида уруғ экиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва кимё воситаларини қўллаш бўйича ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдиришди. Шунингдек, лойиҳа муваффақиятли амалга ошиши учун, албатта, инновацион усулда етиштириладиган маҳсулот турлари ва ҳажмига аниқлик киритиш, уларни сотиш масаласини ҳал қилиш лозимлигини таъкидлашди.

Музокаларда иштирок этган қашқадарёлик мутасаддилар "вертикал фермерлик" борасидаги пилот лойиҳасини айнан вилоятимизда амалга оширишни таклиф қилиб, Қарши шаҳрида Ўзбекистон ва Нидерландия ҳамкорлигида агросаноат марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилаётгани ҳақида ахборот беришди. Ушбу марказ негизида ўзбекистонлик фермерларни боғдорчилик, иссиқхона бизнеси ва аграр соҳа билан боғлиқ бошқа йўналишлар бўйича тизимли тайёрлаш ҳамда икки мамлакат мутахассислари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш назарда тутилганини маълум қилишди.

Нидерландияликлар ҳолатни жойида ўрганиш ва маҳаллий ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиш учун яқин вақт ичида Ўзбекистонга боришга тайёрлигини билдиргач, "PlantLab" компанияси делегациясининг мамлакатимизга ташрифини эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, жорий йил сентябрь ойи иккинчи ярмига мўлжаллаш ҳақида келишиб олинди.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo