Ана шу муносабат билан ўтказилган конференцияда фармон талабларидан келиб чиқиб, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини янада ошириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш борасида белгилаб берилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар, устувор вазифалар ижросини таъминлаш ва бунда алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида фикрлашилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Президентимизнинг тегишли фармони мазмун-моҳиятини чуқур англаб олиш, маҳалла институтини янада такомиллаштириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш зарурлиги хусусида гапирди. Жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.
Маълумки, мазкур фармонда белгилаб қўйилганидек, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашига вилоят ҳокими жамоатчилик асосида раислик қилади. Шунингдек, конференцияда кенгаш раиси ўринбосарлари ҳам тасдиқланди. Унга кўра, Дўстмурод Султонов биринчи ўринбосар, Холмирза Болтаев ёшлар ишлари бўйича, Абдулла Бўриев диний-маърифий масалалар бўйича, Шермамат Ражабов кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлар бўлди.
Тадбирда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг таъсис конференциясида иштирок этиш учун делегатлар сайланди.
Мусо МУРОДОВ