Йиғилишни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев бошқариб борди.
Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят молия бошқармаси бошлиғи Абдусаид Шукуров ахборот берди.
Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда вилоят бюджети даромадлари 2015 йилга нисбатан 305,1 миллиард сўм ёки 19,2 фоизга ошади ва бу кўрсаткич 1 триллион 892,8 миллиард сўмни ташкил этади. Маҳаллий бюджет харажатлари ижроси эса тегишли параметрлар доирасида таъминланаётганини таъкидлаш лозим. Ушбу маблағларнинг 89,2 фоизи ёки 1 триллион 68,9 миллиард сўми ижтимоий соҳалар ва аҳолини қўллаб-қувватлашга йўналтирилгани эътиборга молик.
Қайд этилганидек, галдаги вазифа аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини янада ошириш, тиббий хизмат ва таълим соҳаси сифатини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш ҳисобланади. Қолаверса, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини фаол амалга ошириш орқали уларнинг даромадлар базасини кенгайтириш, бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш ҳамда маҳаллий бюджет харажатларини оптималлаштириш ҳисобига субвенция олувчи ҳудудлар сонини камайтириш кўзда тутилган. Вилоятнинг 2017 йилги маҳаллий бюджети лойиҳасини тузишда шу устувор жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратилган.
Солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни эътиборга олиб, вилоятнинг 2017 йилги маҳаллий бюджети даромадлари ва харажатлари миқдори 1 триллион 771,3 миллиард сўм этиб белгиланди. Бунда бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги 2017 йилда ҳам сақлаб қолинади. Шу билан бирга, харажатлар тақсимотида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган 16 та чора-тадбирлар дастури мақсадларини молиялаштириш ҳам кўзда тутилмоқда.
2017 йилги маҳаллий бюджет лойиҳаси бўйича депутатлар ва сенаторлар, хусусан, Китоб туманидаги “Севаз андроникс” МЧЖ раҳбари Алишер Бойқораев, Қамаши туманидаги “Бозор ўғли Абди” фермер хўжалиги раҳбари Абдимурод Бозоров, Ғузор туманидаги мактаб директори Улаш Қораев ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Шу асосда сессияда 2017 йил вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлари ва харажатлари миқдори тасдиқланди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов сўзга чиқди.
Сессия кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
М.ЖЎРАЕВ