кимлар ўртасида, қачон ва қай тартибда ўтказилади?
Иқтидор, имконият ва рағбат
Шу йил октябрь ва ноябрь ойларида умумтаълим ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида хорижий тиллар бўйича вилоят ҳокими соврини учун ўтказиладиган "Ибрат фарзандлари" олимпиадасининг ғолиблари 8 декабрь - Конституция куни арафасида тақдирланади.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг жорий йил 23 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, "Ибрат фарзандлари" олимпиадаси умумтаълим мактабларининг 9-, 10-, 11-синф ва касб-ҳунар мактабларининг 1- ва 2-курс ўқувчилари ўртасида инглиз, немис, рус тиллари бўйича уч босқичда ташкил этилади. Биринчи босқич бевосита таълим муассасаларида 7-12 октябрда, иккинчи - туман (шаҳар)лар босқичи 4-9 ноябрда, учинчи - вилоят босқичи 25-30 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.
Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, вилоят ҳокими соврини учун хорижий тиллар олимпиадаси ягона илмий-услубий ёндашув асосида адолатлилик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилади. Мазкур беллашув учун тест топшириқлари, ёзма ва амалий ишларни тайёрлаш, иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантириш ҳамда олимпиадани ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар вилоят ташкилий қўмитаси (раиси - вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Қобилов) томонидан мувофиқлаштирилади. Олимпиаданинг назорат материаллари ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини стандарт ва ностандарт масалаларда, амалий топшириқларда қўллай олиш малакаларини ва компетенцияларини баҳолашга қаратилади.
Касб-ҳунар мактабларининг 1- ва 2-курс ўқувчилари тегишли равишда умумий ўрта таълим мактабларининг 10- ва 11-синф ўқувчилари билан беллашадилар. Хорижий тиллар олимпиадасининг таълим муассасаси ҳамда туман (шаҳар) босқичларида фақат биринчи ўринни эгаллаган ғолиблар кейинги босқичда иштирок этишади.
"Ибрат фарзандлари" олимпиадасининг барча босқичларида инглиз ва немис тиллари бўйича беллашувлар ўқувчиларнинг ёзиш, ўқиб тушуниш, эшитиб тушуниш ва гапириш кўникмаларини баҳоловчи синовлардан ташкил топади. Рус тили фанидан беллашувлар эса ёзма, оғзаки, грамматика ва тест синовларидан иборат бўлади. Иштирокчилар ҳар бир кўникма учун 25 баллгача баҳоланади. Максимал баҳо 100 баллни ташкил этади. Баллар тенг келганда инглиз, немис ва рус тилларини билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатларга эга ўқувчиларга устунлик берилади.
Хорижий тиллар олимпиадаси ғолибларини рағбатлантириш туман (шаҳар) босқичида "Ёшлар дафтари" жамғармаси, вилоят босқичида эса Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Иккинчи босқичда ғалаба қозонганлар биринчи ўрин учун микротўлқинли печь, иккинчи ўрин учун термопод, учинчи ўрин учун китоблар жамланмаси билан тақдирланади. Якуний босқичда эса ғолибларга соврин тариқасида тегишли равишда ноутбук ҳамда 43 ва 32 дюймли телевизорлар берилади.
Шу ўринда эслатиш зарурки, юртимизда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 2022 йилдан буён амалга оширилаётган "Ибрат фарзандлари" лойиҳаси доирасида янги авлод вакилларига йигирмадан ортиқ хорижий тиллар онлайн тарзда бепул ўргатиб келинмоқда. Бугунги кунда ушбу лойиҳа қулайликларидан вилоятимизнинг ўзида 120 минг нафардан зиёд йигит ва қиз фойдаланиб келмоқда. Айни пайтда "Ибрат фарзандлари" лойиҳаси доирасида ишга туширилган "Ibrat Academy" иловаси орқали тил ўрганувчилар учун видео тарзида етказиладиган дарсларни ўзлаштириш билан бир қаторда ўз даражасини доимий текшириб бориш, билимни мустаҳкамлайдиган синов-машқларни бажариш ҳамда сўз бойлигини интерактив усулда ошириш имкониятлари ҳам яратилган.
Дарвоқе, хорижий тиллар бўйича вилоят ҳокими соврини учун ўтказиладиган "Ибрат фарзандлари" олимпиадасида иштирок этмоқчи бўлган ҳар бир ўқувчи "Ibrat Academy" иловасида рўйхатдан ўтиши шартдир.
Ўз мухбиримиз