Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

26.01.2023


ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ СТИПЕНДИЯСИ

 

иқтидорли ёшларни моддий ва маънавий рағбатлантириб, уларни таълим олишда янада юқори кўрсаткичларга эришиш сари ундайди

2023 йил - Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорига асосан Қашқадарё олий таълим муассасалари талабалари учун вилоят ҳокимининг стипендияси жорий этилди.

Шу йил 19 январда қабул қилинган ушбу ҳужжатда кўрсатиб ўтилганидек, мазкур стипендияни жорий этиш ташаббуси вилоятимиздаги олий таълим муассасалари ректорлари, воҳамиз ёшлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва депутатлар томонидан илгари сурилган.

Қарорга мувофиқ, вилоят ҳокимининг стипендияси танловини ўтказиш тўғрисидаги низом ва бу танловни ўтказувчи вилоят комиссияси ҳамда аппеляция комиссияси таркиблари тасдиқланди. Бунда вилоят комиссиясига вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Қобилов, аппеляция комиссиясига эса Сенат аъзоси, Қарши давлат университети профессори А.Иркаев раислик қиладиган бўлишди.                                    

Низом талабига кўра, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб ажратиладиган вилоят ҳокими стипендияси соҳиблари танлов йўли билан аниқланади. Бу танловда Қашқадарё вилоятидаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ўқиётган I, II, III ва IV курс талабалари иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Танлов иштирокчиларининг иқтидори фан олимпиадалари ва турли танловлар,  йўналишлар бўйича конференциялардаги иштироки,  камида иккита эълон қилинган ишлар (асарлар)нинг мавжудлиги хорижий тиллар ва Ўзбекистон тарихини билиши, ахборот технологиялари борасидаги саводхонлиги каби мезонлар асосида баҳоланади.

Икки босқичли танловнинг биринчи босқичи вилоятимиздаги олий таълим муассасаларида махсус тузилган комиссиялар томонидан ҳар йили 22 августгача ўтказилади. Ғолиб деб топилган энг иқтидорли номзодларнинг ҳужжатлари вилоят комиссиясига тақдим қилинади. Иккинчи  босқич 24-25 август кунлари бўлиб ўтади ва унда вилоят комиссияси тақдим этилган барча ҳужжатларни ўрганиб чиқиш ва баҳолаш мақсадида мутахассислардан иборат эксперт гуруҳини тузади. Эксперт гуруҳи танловнинг 14 нафар ғолибини аниқлайди.

Танловда совринли ўринлар олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сонидан қатъий назар қуйидагича тақсимланади:

Қарши давлат университети - 5 нафар, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти - 4 нафар, Шаҳрисабз давлат педагогика институти - 2 нафар, "ТИҚХММИ" Миллий тадқиқот университетининг Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти - 1 нафар, Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали - 1 нафар, Тошкент кимё технология институти Шаҳрисабз филиали - 1 нафар.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорига асосан вилоят ҳокими стипендияси стипендиатлари сони кўпайтирилиши мумкин.

Танловнинг вилоят босқичи ғолибларига "Вилоят ҳокими стипендияси совриндори" гувоҳномаси берилади ва уларга   ўқув йилининг сентябрь ойидан июнь ойигача ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида қўшимча стипендия тўланади. Ғолибларни тақдирлаш маросими ҳар йили 10 сентябргача ўтказилади.

Вилоят ҳокими стипендияси вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилиб, ҳар ойда олий таълим муассасасалари орқали совриндорларга етказилади.

Эътиборлиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси, номли давлат стипендиялари (Беруний, Навоий, Улуғбек, Ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Ислом Каримов) ва бошқа стипендиялар соҳиблари вилоят ҳокими стипендияси танловида иштирок этишмайди. Ўз навбатида, вилоят ҳокими стипендияси совриндори бўлган талабанинг танловда иккинчи марта қатнашишига йўл қўйилмайди.

Ўз мухбиримиз

Report typo