Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

25.01.2019


ВИЛОЯТ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ АХБОРОТИ ТИНГЛАНДИ

Кўрилган ишлардан 2255 нафар шахсга нисбатан 1700 та иш бўйича айблов ҳукми чиқарилган, 17 нафар шахс оқланган. 574 нафар шахсга нисбатан 471 та жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган. Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 11 та иш кўрилиб, айбдорларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Бундан ташқари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди кафиллиги билан 5 та, хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида яна шунча иш кўрилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси юзасидан Қарши шаҳрида вилоят судлари раислари иштирокида ўтган брифингда айтиб ўтилди.

Унда жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Олимжон Мелиев, вилоят маъмурий суди раиси Холис Муҳаммедов ҳамда вилоят иқтисодий суди раиси Шуҳратжон Мамадияровнинг 2018 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти тингланди.

Маълумки, Президентнинг 2018 йил 13 июлдаги фармонида судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишларини самарали йўлга қўйиш ва бу орқали аҳолининг суд ҳокимиятига муносабатини ижобий томонга ўзгартириш, бунинг учун  ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказилиши кўзда тутилганди.

Қайд этиш жоиз, аввалроқ судьялар фаолиятига ҳақиқий баҳо бериш мақсадида уларнинг ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиёт йўлга қўйилди. Халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан унумли фойдаланиш, сайёр қабуллар орқали фуқароларни қийнаётган турли муаммо ва кўнгилсизликларнинг олдини олиш, жойларда ўтказилаётган қабуллар ва сайёр судлар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Албатта, буларнинг барчаси одил судловга ишончни янада оширишда муҳим ўрин тутади.

- Вилоят иқтисодий судларида 2018 йил мобайнида даъвогарлар фойдасига 33 минг 649 та иш бўйича 1 триллион 785 миллиард 955 миллион сўм ундириб берилди, - дейди вилоят иқтисодий суди раиси Шуҳратжон Мамадияров. - 223 та хўжалик юритувчи субъект банкрот деб топилди. Кўрилган ишлар юзасидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича айбдорларга нисбатан 1 та маъмурий, 72 та моддий жавобгарлик ва 135 та бошқа таъсир чоралари кўрилди.

Тадбирда вилоят судларида ўтган йил давомида қилинган ишлар, галдаги мақсад-вазифалар бўйича маълумот берилди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Report typo