Оммавий ахборот воситалари орасида телевидение ўзининг имкониятлари ниҳоятда кенглиги билан ажралиб туради. Чунки телевидение орқали олиб чиқилаётган мавзуни томошабинга бир йўла чиройли жумла, оҳанг ва тасвир уйғунлигида тўлиқ етказиб бериш мумкин.
Аммо бугунги фан ва технология ривожи, телеканаллар сонининг ортиши, томошабин диди ва талабининг ўсиб бораётгани телевидениеда ҳам катта рақобатни юзага келтирмоқда. Бу майдонда ўз ўрнига эга бўлиб қолиш учун эса энг замонавий технологиялар билан қуролланиш, ижодий изланиш ва янги-янги лойиҳаларни амалга ошириб бориш зарур.
Вилоят телерадиокомпаниясининг кечаги тарихи, бугун амалга ошираётган ишлари ва келгуси режалари билан танишиш асносида бунга яна бир бор амин бўлдик.
Бир кунда - атиги 30 дақиқа эшиттириш
Аслида вилоят телерадиокомпаниясининг пойдевори бундан роппа-роса 75 йил аввал - 1946 йилда қўйилган.
Ўша йили декабрь ойида Қарши шаҳридаги болалар истироҳат боғининг четида жойлашган ташландиқ бино таъмирланиб, "Радио уйи" ташкил этилади.
Дастлаб бор-йўғи учта хонадан иборат бўлган "Радио уйи" орқали бир кунда 30 дақиқа давомида эшиттиришлар олиб борилган.
Ўша пайтда эшиттиришларни Қарши шаҳри аҳолиси тинглар эди. 1958 йилга келиб вилоят радиосининг эшиттиришлари бутун вилоят ҳудудига тарқатила бошланган.
"Радио уйи"нинг қизил тасмаси
Шундан сўнг ҳам радио ижодкорлари жамоаси кўп йиллар мобайнида турли биноларда, қийин шароитда фаолият юритган. 1965 йилдан бошлаб Қарши шаҳридаги Бекмир мадрасасида қўним топиб, шу ердан ўз эшиттиришларини узатиб беришни йўлга қўяди.
Ниҳоят 1982 йил бошида вилоят радиоси учун янги бино қурилиб, бу ерда ижодкорларнинг иш фаолиятини олиб бориши ва эшиттиришларни сифатли узатиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилади.
Вилоят радиосининг узоқ йиллик раҳбари, устоз журналист Қурбон Эгамбердиев (раҳматли) ўз мақолаларидан бирида бу жараён ҳақида шундай ҳикоя қилган эди: "Айниқса, "Радио уйи"нинг очилиш маросимига Шароф Рашидовнинг шахсан ўзи ташриф буюриши маълум бўлгач, масъуллар чора излаб югуриб қолишди. Бинога замонавий овоз ёзиш ва узатиш ускуналари ўрнатилди. 1982 йилнинг февраль ойида "Радио уйи" тантанали равишда очилди. Шароф Рашидов қизил лентани кесиб, ичкарига кирди. Бу ердаги шарт-шароитлар билан обдан танишди. Техник монтаж ишларини амалга оширган мутахассисларга миннатдорлик билдирди".
Ана шундан сўнг вилоят радиоси эшиттиришлари душанбадан ташқари ҳар куни икки маҳал - 12:00 дан 13:00 гача ва кечки 17:30 дан 18:00 га қадар узатила бошлайди.
24 август кунисоат 17:00 да...
1995 йилдан вилоят радиоси қошида телевидение фаолияти ҳам йўлга қўйилди.
Бунинг учун ўша вақтда 200 минг АҚШ долларидан ортиқ маблағ эвазига хориждан замонавий асбоб-ускуналар, икки дона "Sony betakam SP" телекамераси ҳамда иккита оддий чизиқли монтаж столи келтирилиб ўрнатилади.
Таниқли тележурналист Ҳусан Темиров раҳбарлигида ишга киришган жамоа ўзининг илк синов кўрсатувини 1995 йилнинг 24 август куни соат 17:00 да эфирга узатган.
Ҳафтасига 6 кун, ҳар куни 3 соатдан
Бу орада вилоят радиоси биноси жойлашган ҳудуддан вилоят телерадиокомпанияси учун телемарказ қуришга киришилади. 2001 йилнинг 27 декабрь куни эса ушбу бино қуриб битказилиб, унинг тантанали очилиш маросими ўтказилган.
Замон талабларига мос жиҳозланган телемарказдан ўша пайтда ҳафтада 3 кун, яъни чоршанба, жума, якшанба кунлари 30 дақиқадан ахборот-информацион ва қисман ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий кўрсатувларни эфирга узатиш йўлга қўйилади.
Вилоят ҳаётидаги муҳим воқеликларни ёритиб бериш, кўрсатувлар сифати ва ранг-баранглигини таъминлаш, эфир вақтини узайтириш учун яна янги-янги техник воситаларга эҳтиёж туғила бошлаган эди. Шу боис 2002 йилда телемарказга яна бир дона камера ва монтаж столи, 2003 йилда эса Германияда ишлаб чиқарилган уч камерали замонавий студия жиҳозлари ўрнатилди. Натижада эфир вақтини 30 дақиқадан 3 соатга, эфир кунларини эса уч кундан олти кунга етказиш имкони туғилди. Фақат душанба кунларигина кўрсатувлар эфирга узатилмаган.
Эфирда - "Олтин воҳа" радиоси
2003 йилда вилоят радиоси ҳам вилоят телерадиокомпанияси қошида қайта ташкил этилиб, "Олтин воҳа" радиоси номи билан фаолият бошлаган.
Эшиттиришлар FМ - 102,3 мГц тўлқини орқали душанбадан ташқари ҳар куни соат 8:00 дан 21:00 гача Қарши шаҳри ва унинг атрофида 50-60 километр радиусда эфирга узатила бошлайди.
Шунингдек, "O'zbekiston" радиоканали тўлқинида ҳафтанинг душанбадан ташқари кунларида соат 15:00 дан 16:52 гача вилоят радиоси эшиттиришлари узатилиши йўлга қўйилади.
Телевидениенгизнинг алоҳида канали борми?
2008 йилга қадар вилоят телевидениеси алоҳида каналга эга бўлмаган ва белгиланган эфир вақтида бошқа каналларда намойиш этиларди.
2007 телемарказга DVСAM форматли туркум замонавий техникалар харид қилингач, кўрсатувлар вақти яна 2 соатга узайтирилди.
Ўтган 10 йилдан ошиқ вақт давомида техник имкониятлар ҳам, ижодий имкониятлар бир мунча мустаҳкамланган, эфир вақтини янада ошириш чора-тадбирлари кўрила бошланган, бунинг учун эса алоҳида каналга эҳтиёж туғилаётган эди. Шу боис 2008 йилда алоҳида канал очилиб, шу йилнинг апрель ойидан вилоят телевидениеси кўрсатувлари ўз канали орқали эфирга берила бошланди. Эфир соатлари эса янада кенгайтирилди.
2010 йилда Китоб туманининг Тахтиқорача довонидаги 10 622 узатиш станциясига 1 кВт ли ТВК телеузаткич ўрнатилди. Бу билан вилоят телевидениеси кўрсатиладиган ҳудудлар қамрови янада кенгайди. Бугунги кунда Қашқадарё телевидениеси кўрсатувлари ҳар куни 18 соат ҳажмда рақамли форматда эфирга узатиляпти.
Нафақат SD, балки HD форматда ҳам
Маълумки, сўнгги беш-олти йил давомида мамлакатимизда телевидение соҳасида том маънода шиддатли ривожланиш кечмоқда.
Телеканаллар сони кескин ошиши билан бир қаторда, уларнинг техник имкониятлари ҳам борган сари ошаяпти. Бугун барча телеканаллар ўз кўрсатувларини тўлиқ рақамли телевидение орқали, энг янги форматларда эфирга узатишга ҳаракат қилмоқда.
Эътиборли жиҳати, вилоят телевидениеси ҳам ана шу ривожланиш ва техник рақобатда ортда қолаётгани йўқ. Бунинг учун ҳар йили кўрсатувларни сифатли тасвирга олиш, монтаж қилиш ва узатиш имконини берадиган технологиялар харид қилиниб, имкониятлар ошириб борилаяпти.
- 2018 йилда телемарказимизга сўнгги русумдаги 32 терабайт хотирага эга эфир сервер жамланмасини ўрнатдик, - дейди вилоят телерадиокомпанияси техник бўлим муҳаррири Уйғун Ҳайдаров. - Натижада SD/HD форматдаги теледастурларни сифатли эфирга узатиш имконияти яратилди.
Мутахассиснинг маълумот беришича, ушбу сервер жамланмаси жуда катта техник имконият ва қулайликларга эга. Мисол учун, қайси соатда қайси дастурлар эфирга узатилишини олдиндан режалаштирасиз ва сервер хотирасига киритасиз. У эса белгиланган вақтда ўша дастурни эфирга узатишни бошлайди. Ҳатто бир ҳафталик дастурни жойласангиз, шунча вақт мобайнида барча ишни ўзи, инсон омилисиз амалга ошириб боради. Агар кадрларда сифат ёки бошқа носозликлар юзага келса, дарҳол мустақил равишда уни узиб қўяди ва эфирга вақтинча бошқа бирор роликни узатиб туради. Бу орада эса талабга жавоб бермайдиган кадрни ўтказиб юбориб, яна ўзи эфирни давом эттириб кетади.
Бундан ташқари, 2018-2019 йиллар давомида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан вилоят телевидениесига 2 дона "Panasonic 4K" форматдаги камера ҳамда Германиянинг 6 камерали "Mersedes Benz" кўчма телевизион станцияси берилди.
Шунингдек, эфирни тўғридан-тўғри узатиш имконини берадиган технологиялар жамланмаси харид қилинди. Бу билан телевидениеда жонли эфирларни ташкил этиш ва муҳим тадбирларни жойидан эфирга узатиш имкони пайдо бўлди.
Қашқадарёга қуш парвози баландлигидан назар
Телевидениеда замонавий камералар билан бир қаторда, йирик тадбир ва фестивалларни тасвирга тушириш, вилоятнинг ўзига хос табиати, манзараларини суратга олишда камерали дроннинг имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
- Телемарказимиз учун Хитойда ишлаб чиқарилган DJI русумли, замонавий видеокамерали дрон харид қилиниши имкониятларимизни янада оширди, - дейди оператор Зоҳид Музаффаров. - Аввал видеокамера орқали воқейликларни тасвирга туширган бўлсам, 2019 йилдан буён бу ишни дрон орқали амалга ошираяпман. Дрон ёрдамида катта объектдаги манзараларни тепадан умумий планда суратга олиш мумкин. Бу тасвирнинг янада жонли ва чиройли чиқишини таъминлайди.
- Жорий йил эса Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан телевидениемиз фаолиятида янада катта ўзгаришлар, муваффақиятларга бой йил бўлмоқда, - дейди Қашқадарё вилоят телерадиокомпанияси директори Жаҳонгир Тўйчиев. - Наврўз айёми арафасида телемарказ студиясида замонавий 6х3 метр бичимдаги LED монитори ўрнатилди. Шунингдек, 3 дона "CANON Mark 4" фото камераси жамланмаси, 10 киловатли "Оnline UPS", студия учун 2 дона 4 каналлик масофавий микрофон жамланмаси харид қилинди. 2021 йил 7 апрелдан бошлаб Қашқадарё вилоят телевидениеси эфири 16:9 HD-SDI форматда узатила бошланди. Бу бугунги кундаги энг замонавий ва барча талабларга жавоб берадиган формат ҳисобланади.
Телемузей учун экспонатлар бисёр
Кўринадики, вилоят телевидениеси ўтган йиллар давомида жуда катта технологик янгиланишларга эришди. Бир неча йил олдин иш жараёнида фойдаланилган жиҳозлар, техник воситалар билан ҳозиргиси ўртасидаги фарқни тасаввур этиб бўлмайди. Уларни ўзаро қиёслаб кўрган киши телевидениенинг қанчалик шиддат билан ривожланаётгани гувоҳи бўлиши мумкин. Бу жуда кўпчилик учун қизиқарли ҳам. Шу боис вилоят телерадиокомпанияси жамоаси телемузей ташкил этишни режалаштирган.
- Бу ишни яқин кунлар ичида амалга оширмоқчимиз, - дейди Жаҳонгир Тўйчиев. - Музей учун телемарказга кириш залини мўлжаллаганмиз. Бу ерни танлаганимизнинг боиси телевидениега келган ҳар бир киши музейдаги экспонатларни бевосита кўриб, томоша қилиш имконига эга бўлади. Музейга телемарказимизда 1995 йилдан буён ишлатилган ва ҳозирда фойдаланишдан чиқиб кетган барча видеокамера, монтаж ва алоқа воситалари қўйилади. Шунингдек, 1946 йилда вилоят радиоси очилган вақтдан буён ишлатилган техник воситаларни имкон қадар топиш ва музейни янада бойитиб бориш ҳаракатидамиз. Бу ростдан ҳам кўпчилик учун қизиқарли. Мисол учун 1995 йилда фойдаланилган айрим видеокамераларимиз жуда катта ҳажмда ва 20 килограмм атрофида оғирликка эга. Ўз вақтида операторларимиз ана шундай камералар билан ишлашган. Буни ҳозирги айрим ёшлар ҳатто билишмайди ҳам.
"Радио уйи" таъмирланиб, катта телестудия бунёд этилади
Вилоят радиоси 2009 йилдан буён телемарказ биносида фаолият юритиб келаяпти, 1982 йилда қурилган ўз биноси эса таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани учун бўш турган эди.
Яқинда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ташаббуси билан ана шу бинода таъмирлаш ишлари бошланди. Умумий қиймати 1,5 миллиард сўмни ташкил этадиган таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари жараёнида бу ерда радиоэшиттиришларни тайёрлаш ва узатиш учун замонавий шарт-шароитлар яратилади.
- Яқин вақт ичида амалга оширишни мўлжаллаган энг йирик лойиҳаларимиздан яна бири Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси кўмаги билан умумий майдони 800 квадрат метрни ташкил этадиган телестудия қуриш режасидир, - дейди Жаҳонгир Тўйчиев. - Ушбу телемарказ ҳозирда таъмирланаётган "Радио уйи" биноси ёнида жойлашади. У ерда турли йирик пландаги кўрсатувлар, шоу ва концерт дастурлари, ҳатто сериалларни тасвирга олиш мумкин бўлади. Телестудияни шунга мос қилиб жиҳозлаш назарда тутилмоқда.
Улкан мақсадлар йўлидаги катта жамоа
Юқорида кўпроқ вилоят телерадиокомпаниясининг техник имкониятлари ва бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирдик.
Албатта, иш қуроли зўр бўлса, бажараётган вазифани тез ва сифатли амалга ошириш имкони туғилади. Лекин асосий натижалар жамоанинг профессионаллиги, изланувчанлиги, ўзаро ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлиги билан боғлиқ.
Янги иш бошлаган вақтлари вилоят телерадиокомпаниясида саноқли ходимлар фаолият юритган бўлса, бугун бу ерда умумий ҳисобда 120 дан ортиқ ижодий, техник ва ишчи ходимлар меҳнат қилмоқда.
- Иш билан бир қаторда ходимларимизнинг малака ошириши, саломатликларини тиклаши, спорт билан шуғулланиши ва ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ бошқа масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз, - дейди вилоят телерадиокомпанияси касаба уюшма қўмитаси раиси Ҳусниддин Илёсов. - Мисол учун, айни вақтда 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ходимлар ўртасида спортнинг югуриш, велопойга, шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақа ўтказилмоқда. Мусобақа ғолиблари вилоят телерадиокомпанияси ҳамда касаба уюшма қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.