Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

21.07.2018


ВИЛОЯТ ЯҲМи 3,7 ФОИЗ ЎСДИ

Хабарда таъкидланишича, жорий йилнинг дастлабки ярмида воҳамизда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9 триллион 816,6 миллиард сўмликни ташкил этган. Бу борадаги ўсиш суръати эса 3,7 фоиз.  Маҳсулдорлик ошгани ҳудуд иқтисодиётининг асосий тармоқларида ижобий кўтарилиш қайд этилгани билан бевосита боғлиқ. Жумладан,  қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги (102,3 фоиз)да барқарор ривожланиш кўзга ташланган. Тармоқнинг ҳудудий ялпи маҳсулот таркибидаги улуши эса 20,7 фоизга тенг бўлган. Юқори самарадорлик саноат соҳасига тегишли эканини алоҳида қайд этиш лозим. Соҳада ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,5 фоизга кўпайган. ЯҲМнинг қарийб 38 фоизи айнан шу йўналишда етказиб берилмоқда.

Қурилиш жабҳасида ҳам бироз юксалиш кузатилган ва тегишли рақам 100,1 фоизга етган. Ялпи ҳудудий маҳсулотда хизматлар соҳаси салмоғи (33,7 фоиз) жадал ортиб бораётгани ҳам аҳамиятлидир. Бу эса соҳанинг ривожланиш суръати (102,3 фоиз) билан белгиланади. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг 1,7 фоизга ўсиши қайд этилди. Ушбу кўрсаткич 3 миллион 104,9 минг сўмни ташкил қилди.

Республика бўйича ялпи ички маҳсулотнинг шаклланишида Тошкент шаҳри (14,9 фоиз) ва Тошкент вилояти (9,1) билан бир қаторда воҳамизнинг улуши ҳам катта экани эътиборга молик. Олти ойликдаги мамлакатимиз ЯИМнинг 6,4 фоизи айнан вилоятимиз ҳиссасига тўғри келмоқда.        Бу борадаги энг кам улуш эса Сирдарё      (1,7 фоиз), Жиззах (2 фоиз) ҳамда Хоразм (3,1 фоиз) вилоятларига тегишли.

Вилоятимиз ЯҲМнинг аҳоли жон бошига нисбатан ҳисобланган миқдори бўйича ҳам етакчи ўринни эгаллаган. Бу борада Тошкент шаҳри (9 миллион 191 минг сўм), Навоий (9 миллион сўмдан кўп), Бухоро (3 миллион 663 минг сўм) ва Тошкент (4 миллион 837 минг сўм) вилоятлари биздан олдинда бормоқда.

2018 йил январь-июнь ойлари якунлари бўйича Андижон (107,8 фоиз), Сурхондарё (106,3 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (107,4 фоиз) энг юқори ўсиш суръатларини қайд этган.  Вилоятимиз кўрсаткичи эса республика даражасидан (104,9 фоиз) бироз паст ҳисобланади.

Тегишли ҳисобот даврида ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг энг юқори улуши Сурхондарё вилоятида (41,5 фоиз) кузатилди. Аксига олиб, ушбу ҳудудда саноат (8,2 фоиз) энг қолоқ тармоқ сифатида қолмоқда. Навоий вилоятини эса энг саноатлашган ҳудуд   дейиш мумкин. Чунки ЯҲМининг 62,9 фоизини айни шу соҳа етказиб беради. Қурилишнинг энг юқори улуши Бухоро вилоятида (11,3 фоиз) қайд қилинди. Хизматлар соҳаси ривожи даражаси бўйича эса Тошкент шаҳри (ЯҲМдаги улуши – 59,6 фоиз) яққол етакчилик қилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2018 йилнинг дастлабки 5 ойида вилоятимиздаги корхоналар томонидан 5 триллион 337,4 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган.

М.ШУҲРАТОВ

Report typo