Долзарб статистика
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятимизда 3 минг 730 та янги кичик корхона ва микрофирма (деҳқон ва фермер хўжаликларисиз) ташкил этилган.
Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, шу йил январь-июнь ойлари давомида янги ташкил этилган кичик корхона ва микрофирмаларнинг асосий қисми Қарши шаҳри (489 та) ва Косон (326 та), Яккабоғ (319 та), Қарши (276 та), Касби (268 та), Ғузор (251 та) ва Шаҳрисабз (241 та) туманлари ҳиссасига тўғри келади.
Иқтисодий фаолият турлари кесимида эса энг кўп янги кичик корхона ва микрофирмалар савдо (1 минг 135 та), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги (1 минг 87 та), саноат (577 та) ҳамда яшаш ва овқатланиш хизматлари (235 та) соҳаларида ташкил этилган. Айни пайтда мазкур рақам қурилиш (165 та), ташиш ва сақлаш (164 та), ахборот ва алоқа (66 та), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар (47 та) каби тармоқларда анча паст бўлган.
Дам олиш кунларини ҳам қўшган ҳолда кунлик ўртача кўрсаткични ҳисоблаб чиқарадиган бўлсак, вилоятимизда жорий йилнинг дастлабки олти ойи мобайнида ҳар куни ўртача 20 тадан ортиқ, шу жумладан, савдо ҳамда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 6 тадан, саноатда 3 тадан, қурилиш ҳамда ташиш ва сақлаш жабҳаларида тахминан 1 тадан янги тадбиркорлик субъекти пайдо бўлган.
Умуман олганда, жорий йил 1 июль ҳолатида вилоятимизда фаолият юритаётган кичик корхона ва микрофирмалар сони 29 минг 744 тага тенг бўлган. Уларнинг 35,7 фоизи савдо, 20,1 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги, 13,5 фоизи саноат, 9 фоизи қурилиш, 5,8 фоизи яшаш ва овқатланиш хизматлари, 3,3 фоизи ташиш ва сақлаш тармоқларида иш олиб боради.