Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

24.02.2021


Вилоятда дастлаб 353 минг киши коронавирусга қарши эмланади

Мамлакатимиз аҳолисини COVID-19 га қарши кенг миқёсда эмлаш ишларини амалга оширишга тайёргарлик кўрилар экан, вакциналарни уларнинг сифатини сақлаган ҳолда ва хавфсиз равишда етказиб бериш мақсадида БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига 223 та транспорт воситаси топширилганидан хабарингиз бор.

Тақдим этилган транспорт воситалари тизимга йўналтирилган катта сармоя бўлиб, уларнинг умумий нархи 2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Маълумотларга кўра, улардаги датчиклар ва бошқа қурилмалар музлаткич ва термаконтейнерлар ичидаги ҳароратни кузатиб, маълумотларни ёзиб боради, бу эса маълум бир ҳарорат режимига риоя қилиш имконини беради.

Шу йўналишда бугун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармаси учун 1 та музлаткичли махсус юк машинаси ва бошқарманинг шаҳар ҳамда туман бўлимларига 15 та махсус изоляция қилинган авторефрижиратор топширилди.

- Маълумки, вакциналарни маълум бир ҳароратни сақлаган ҳолда ташиш зарур,  - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков. – Бунинг учун махсус автомобилларнинг топширилиши совуқлик занжири ва логистика инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ҳамда вакциналарни вилоятимиз бўйлаб хавфсиз ва тезкор ташишда муҳим аҳамият касб этади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишларича, вакцинага бўлган эҳтиёжни эътиборга олиб, биринчи навбатда аҳолининг коронавирус юқиш хавфи ва асоратлар бериш эҳтимоли юқори бўлган қисмини эмлаш кўзда тутилган. Иккинчи босқичда эса 18 ёшгача ва ундан катта ёшдаги аҳоли қатламининг эмланиши белгиланган.

Вилоятимиз бўйича биринчи босқичда эмланадиган аҳоли сони 353 минг 152 нафарни ташкил этади.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo