Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

13.09.2018


ВИЛОЯТДА ИЧИМЛИК СУВИ ТАЪМИНОТИ ТУБДАН ЯХШИЛАНАДИ

- Айни вақтда аҳоли Ҳисорак каналидан сув олиб ичаяпти, - дейди маҳалла раиси Холтўра Жуманов. - Бу сув саломатлик учун жуда хавфли, аммо бошқа иложимиз йўқ. Шу боис, бир қанча вақтдан буён қишлоғимиз учун тоза ичимлик суви тизимини тиклаш борасида ёрдам сўраб турли идораларга мурожаат этдик. Одамларнинг асосий муаммоси ҳам ана шу.

Узоқ йиллардан буён маҳалла аҳлини қийнаб келаётган бу муаммо энди ҳал этиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 августдаги "Республика аҳоли пунктларида ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан 2018-2019 йилларда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш дастури тасдиқланди. Унга асосан, икки йил давомида ушбу ҳудудлардаги кўплаб маҳаллаларда ичимлик суви тизимлари, иншоотлари қурилади, мавжудлари реконструкция қилинади, катта қувватли ер ости сувларини чиқариш насослари ўрнатилади.

Дастурда вилоятимизнинг 10 та тумани ҳамда Шаҳрисабз шаҳридаги бир   нечта маҳаллаларда ҳам тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланиши кўзда тутилган. Жумладан, юқорида тилга олганимиз - Дархон маҳалласида уч дона артезиан қудуғи қазилиб, йирик қувватли сув насослари, уларнинг ҳар бири учун биттадан трансформатор янгидан ўрнатилади. Натижада аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талаби тўлиқ қондирилади.

- Қолаверса, жорий йил сўнгига қадар туманнинг Шар-шарбоғот, Дўнгқишлоқ, Татаргузар ва Мустақиллик қишлоқлари, Жамбил маҳалласи, Гулистон маҳалласининг Ибн Сино ва Олмазор кўчаларида ҳам ичимлик суви таъминоти яхшиланади, - дейди вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Мустафо Ҳимматов. - Бунинг учун янги қувурлар тортиш, сув миноралари қуриш, ер ости сувини олиб берадиган махсус насослар ўрнатиш, мавжудларини реконструкция қилиш каби ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Дастурда туманнинг марказий сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилиниши ҳам белгиланди.

Эътироф этиш керакки, Шаҳрисабз шаҳрининг Тепарлик, Дўстлик, Уйчилик, Тутзор, Катта Новқат, Кунчиқар маҳаллаларининг бир нечта кўчаларида ҳам аҳоли учун тоза ичимлик суви муаммоси юзага келган эди.  Бу борада аҳоли томонидан масъул ташкилотларга кўплаб мурожаатлар бўлган. Дастурда ушбу ҳудудларнинг ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 3 миллиард 700 миллион сўмдан ошиқ маблағ сарфланиб, янги сув тармоқлари тортилиши белгиланди.

Шунингдек, Китоб туманининг Чармгар маҳалласида, Қавзахона маҳалласидаги Йўлдош, Варганза маҳалласидаги Боғи шамол, Тўпчоқ маҳалласидаги Равот аҳоли пунктларида ҳам янги ичимлик суви тизимлари ишга туширилади. Бу билан ушбу ҳудудларда  истиқомат қилаётган  8 минг 200 нафардан ошиқ аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилади.

Дастурда Муборак туманида ҳам аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида кенг ҳажмдаги ишлар олиб борилиши белгиланган. Жумладан, туманнинг Амир Темур маҳалласи Янги ер, Янги ҳаёт аҳоли пунктлари, Гулшан ва Помуқ қишлоқларидаги насос станциялари реконструкция қилиниб, янги сув қувурлари тортилади. Тумандаги 3- ва 4-сонли насос станциялари ва Қурувчилар маҳалласининг сув қувурлари ҳам тўлиқ реконструкция қилинади. Натижада маҳаллий бюджет ҳисобидан сарфланадиган қарийб 4,5 миллиард сўм маблағ эвазига тумандаги 36 мингдан зиёд аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланади.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Чироқчи туманининг Зарбдор маҳалласи Равот аҳоли пункти ҳамда Янги қишлоқ қишлоғи ҳам туман марказига яқин, аҳоли зич жойлашган ҳудуд саналади. Сўнгги йилларда ушбу ҳудудларда истиқомат қилаётган 5 минг нафардан зиёд аҳоли ичимлик суви танқислигидан азият чекиб келаётган эди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган дастурга асосан, қарийб 1 миллиард 200 миллион сўмга яқин маблағ эвазига ушбу ҳудудларга аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини берадиган янги насос мосламалари ўрнатилади. Шунингдек, туманнинг тоғли ҳудуди саналган Қалқама маҳалласи Манғит аҳоли пунктига ҳам ер ости сувини олиб берувчи насос қурилмаси ўрнатилади.

Бундан ташқари, Қамаши туманидаги туман марказий сув тақсимлаш ҳамда Манғит сув тақсимлаш иншоотлари, Касби туманидаги марказий ҳамда Юксалиш, Фазли, Чўлибўстон, Ҳилол насос станциялари, ушбу ҳудудлардаги сув қувурлари, Миришкор туманидаги Миришкор-1 ва Зафар аҳоли пунктлари ичимлик суви тизими, Чандир қишлоғидаги насос станцияси ва сув тармоқлари реконструкция қилинади.

Бу борадаги энг йирик лойиҳа эса Деҳқонобод туманида амалга оширилади. Айни пайтда қурилиш ишлари бошланган ушбу лойиҳа учун маҳаллий бюджет ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини  молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Жорий йилда 20 миллиард сўмлик, 2019 йилда эса 80 миллиард сўмлик ишлар бажарилади. Лойиҳа ишга туширилгач Оқсув дарёсидан тортиладиган қувур орқали тумандаги кўплаб маҳаллаларга тоза ичимлик суви етиб боради.

Хулоса қилиб айтганда, дастурга асосан икки йил давомида вилоятимизда ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 131 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, таъмирлаш, қурилиш,  бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Минглаб хонадонларга тоза оби ҳаёт тизимли етказиб берилиши йўлга қўйилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Report typo