Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятида ҳам янгиликка интилиш, замон билан ҳамнафас бўлишга рағбат кучайиб бормоқда.
Бу борада муҳим янгиликлардан бири сифатида Қарши туманининг Кераит маҳалласида фаолият бошлаган автокемпинг марказини келтириш мумкин.
Туман ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, лойиҳа қиймати 10 миллиард сўмни ташкил этадиган марказда бир вақтнинг ўзида меҳмонхона, умумий овқатланиш хонаси, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва мой алмаштириш хизматлари йўлга қўйилган. Тадбиркор Отабек Тиллаев бошлаган ушбу ташаббус натижасида 10 кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланди. Келгусида фаолият турлари кенгайтирилиб, яна 15 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Айтиш ўринли, янги марказ республикамизга кириб келувчи катта юк автомашиналарини сақлаш, уларни таъмирлаш, меҳмонхона ҳамда овқатланиш сингари хизмат турларини кўрсатиши билан аҳамиятга молик.