Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

05.02.2019


ВИЛОЯТДА САРАТОНГА ЧАЛИНГАН БЕМОРЛАР СОНИ ҚАНЧА?

Хўш, саратон хасталиги ва унинг пайдо бўлиш аломатлари ҳақида нималарни билиш керак ва ундан қандай огоҳ бўлиш зарур?

Кеча Бутунжаҳон саратон касаллигига қарши кураш куни муносабати билан ўтказилган тадбирларда ана шу саволлар асосида мулоқотлар ташкил этилди.

- Дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади, - дейди республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали бош шифокори Адҳам Пармонов. - Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан ортиқ, вилоятимизда эса 10 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Онкологик касалликлар ичида сут бези саратони етакчи ўрин эгаллайди, кейинги ўринларда меъда, бачадон бўйни ва ўпка саратони қайд этилади. Фуқароларимизнинг ўз соғлиғига эътиборсизлиги оқибатида 50 фоиздан ортиқ ҳолатларда ушбу касаллик кечки, учинчи ва тўртинчи босқичларда, яъни тўлақонли даволаш мушкул бўлган ҳолатларда аниқланмоқда.

 "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори бу борада ечимини кутаётган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ҳозирги кунда шу асосда онкология хизматининг вертикал тизими яратилган бўлиб, ҚВП ва оилавий поликлиникаларда онкологик касаллиги бор деб тахмин қилинганлар вилоят филиалига йўлланма асосида юборилаяпти. Филиалда улар чуқур текширилиб, касаллик тасдиқланса, юқори малакали ихтисослашган ёрдам кўрсатилаяпти. Диагностика ва даволаш ишлари давлат маблағлари ҳисобидан, бепул амалга оширилиши белгилаб қўйилган. 

- Тиббиёт марказимиз замонавий ташхислаш ва даволаш ускуналари билан жиҳозланди, - дейди Адҳам Пармонов. - Натижада ўзимизда ҳам юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилаётир.

Ташхислаш ва даволаш ишларини янада кучайтириш, туманларга консультатив ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида марказнинг етакчи мутахассислари ҳамда онколог шифокорлари иштирокида тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.

Аҳолига кўрсатилаётган юқори технологик тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш мақсадида филиал бир қатор хорижий клиникалар ва институтлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзолаган. Унга асосан вилоят мутахассислари АҚШ, Польша, Ҳиндистон, Туркия, Россиядаги нуфузли муассасаларда малака ошириб келаяпти.

Замонавий тадқиқотлар шуни исботладики, рационал овқатланиш, жисмоний фаол бўлиш, чекиш, ичиш каби зарарли одатлардан тийилиш, соғлом турмуш юритиш, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туриш инсонни  оғир касалликларга чалинишдан асрайди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo