Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

18.08.2020


Вилоятда тест синовларига тайёргарлик қандай бормоқда?

Маълумотларга кўра, жорий йил вилоятдаги умумтаълим мактабларини битирган 47 минг 681 нафар ўғил-қизнинг 38 минг 470 нафари (81 фоизи) олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган.

 

Вилоятдаги 6 та олий таълим муассасасига эса 2020-2021 ўқув йили учун қабул квотаси 8400 та (ўтган йили 4290 та эди) бўлиб, жами 99 минг 476 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Бу бир ўринга 12 нафар талабгор деганидир.

Бу йил хотин-қизлар учун ҳам алоҳида грантлар ажратилиб, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига ҳужжат топширган 3825 нафар хотин-қизнинг 2027 нафарига тавсиялар берилди.

Сентябрь ойида ўтказиладиган тест синовларида вилоятдан жами 129 минг 772 нафар абитуриент иштирок этади. Тест синовларини 2 сменада ўтказиш режалаштирилган (эрталабки смена соат 8:00 дан 10:00 гача, кечки смена соат 16:00 дан 18:00 гача).

Тест жараёнлари “Насаф” футбол клубининг машғулотлар ўтадиган 4 та стадионида бўлиб ўтади. Майдонлар сиғими 37 минг 512 квадрат метрни ташкил этади.

Қайд этиш лозим, бир вақтнинг ўзида 184 та гуруҳда 5520 нафар абитуриент тест топшириш имконияти мавжуд. Демак, бир кунда 2 сменада 11 минг 40 нафар абитуриент тест топшириб чиқса бўлади. Жами абитуриентлар сонидан келиб чиқилса, вилоятда тест топшириш жараёни 12 кунда якунига етади.

Айни пайтда имтиҳонлар ўтадиган стадионларга зарур жиҳозлар ва мебеллар (стол, стул, доска ва бошқа воситалар) олиб келиб ўрнатилмоқда.

Тест топшириш кунлари ижтимоий масофани (2 метр) сақлашга эътибор қаратилади. Санитария-гигиеник талабларга риоя қилган ҳолда ҳар бир кириш-чиқиш жойларига дезинфекцион тунеллар ўрнатилади, пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминланади. Бундан ташқари, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг малакали ходимлари томонидан навбатчилик гуруҳлари ташкил этилади.

Узоқ ҳудуддан келадиган абитуриентларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, уларнинг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда автобуслар ташкил этилади. Автобусларнинг белгиланган йўналиш бўйича ҳаракати ИИБ йўл ҳаракати хавфсизилиги ходимлари томонидан назоратга олинади.

Бундан ташқари, имтиҳонларнинг адолатли, шаффоф ўтиши ва коронавирус пандемияси шароитидан келиб чиқиб, ички тартиб-қоидаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларидан иборат гуруҳлар жалб қилинади.

Абитурентларнинг ота-оналари ва яқин қариндошларининг имтиҳонлар ўтказиладиган масканга келиб овора бўлмаслиги, карантин талабларига риоя этишларини инобатга олган ҳолда, тест синовларини тўлиқ онлайн кузатиш имконияти яратилади.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo