Шунингдек, бундан рақобатбардош замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ва кичик корхоналарни ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, уларни муҳандислик-коммуникация ва зарур инфратузилма ташкил этилган алоҳида ҳудудларда жойлаштиришни таъминлаш ва шу асосда янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолининг бандлик ва фаровонлик даражасини ошириш кўзланган.
Қарорга мувофиқ, вилоятимиздаги давлат мулки бўлган ва давлат улуши мавжуд хўжалик юритувчи жамиятларининг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва объектлари негизида 7 та ҳудудда кичик саноат зонасини барпо этиш белгиланди. Мазкур рўйхатдан Қарши (туман "Агросервис МТП" МЧЖнинг бино ва иншоотлари), Қамаши ("Қамаши пахта тозалаш" АЖнинг қурилиши тугалланмаган ип-йигирув фабрикаси биноси), Китоб (туман "Агросервис МТП" МЧЖга қарашли бино ва иншоотларнинг бир қисми), Муборак ("Муборак туман савдо" МЧЖ омборхона бино ва иншоотлари, “Муборак ишчи таъминот” МЧЖнинг маъмурий ва омборхона бинолари), Чироқчи ("Қашқадарёдонмаҳсулотлари" АЖнинг "Айритом дон қабул қилиш" маскани бино ва иншоотлари, “Чироқчи пахта тозалаш” АЖ га қарашли ҳудуднинг бир қисми, туман ҳокимлиги тасарруфидаги ишлаб чиқариш майдони) туманлари, Қарши (шаҳар ободонлаштириш бошқармаси балансидаги "Савдо базаси" бино ва иншоотлари) ҳамда Шаҳрисабз (шаҳар ҳокимлиги балансидаги "Гулистон" ММТП бино ва иншоотлари) шаҳарлари ўрин олган. Ташкил этилажак кичик саноат зоналарининг жами майдони 29,8 гектардан иборат бўлади.
Таъкидлаш жоизки, қарорда фойдаланилмаётган тегишли ишлаб чиқариш майдонлари ва давлат мулки объектларини белгиланган тартибда вилоят ҳокимлигига ўтказиш назарда тутилмоқда. Ўз навбатида кичик саноат зонаси ҳудудидаги давлат кўчмас мулки тадбиркорлик субъектларига кейинчалик мулк ҳуқуқи берилган ҳолда 10 йиллик узоқ муддатга ижара асосида тақдим этилмоқда. Бунинг учун ишбилармонлар бизнес-режаларни бажариш, иш ўринларини яратиш ва сақлаш, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш шартини ўз зиммасига олади. Ҳудуддаги кўчмас давлат мулкидан ижара даврида фойдаланиш учун ортиб борадиган коэффициентни қўлламасдан ижара тўловининг энг кам ставкаси белгиланади. Бунда ижарага берилган майдонда амалга оширилаётган фаолият тури ҳисобга олинади.
Қайд этиш ўринлики, кичик саноат зонаси иштирокчиларига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисидаги қарор вилоят Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши томонидан қабул қилинади. Ушбу кенгаш давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 октябрдаги "Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан ташкил этилган.
Яна бир эътиборли жиҳати, кичик саноат зонасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари очилмоқда. Мазкур маблағлар импорт ускуналари ва уларга бутловчи қисмларни харид қилиш учун ажратилмоқда.
Президент қарорига асосан, вилоятимизда янги ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини қайта тиклаш ишларининг манзилли рўйхати ҳам тасдиқланди. Рўйхатда муайян даврда қилиниши лозим бўлган барча чора-тадбирларга батафсил аниқлик киритилган. Бу ишларни бажариш учун аниқ молиялаштириш манбалари ҳисобидан 8 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ажратилиши белгиланган.
Аҳамиятлиси, вилоят Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши тегишли вазирлик ва идоралар, тижорат банклари билан биргаликда кичик саноат зоналари ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича икки ой муддатда аниқ таклифлар - "йўл хариталари" ишлаб чиқади. Бунда вилоят иқтисодиётининг эҳтиёжлари, шунингдек, мавжуд минерал-хомашё, қишлоқ хўжалиги ресурслари ва инфратузилма алоҳида инобатга олинади. Шу мақсадда кичик саноат зоналари ҳудудида ўзлаштириш учун таклиф қилинаётган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар тўғрисидаги маълумотлар тадбиркорлик субъектларига етказилади. Қолаверса, истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, улар билан тизимли ишлар олиб бориш, кичик саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомаларини сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларига инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режаларини ишлаб чиқишда кўмаклашиш ҳам тегишли кенгаш вазифалари сирасига киритилган.
Маълумот ўрнида айтиш лозим, ҳозирги кунда вилоятимизнинг 3 ҳудуди - Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ва Нишон туманларида кичик саноат зоналари фаолият кўрсатмоқда. Улар Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 3 июлдаги тегишли қарорига асосан ташкил этилган.
М.ШУҲРАТОВ