Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

23.08.2019


ВИЛОЯТГА КЕЛГАН САЙЁҲ ЎЗ ТАШРИФИДАН МАМНУНМИ?

- Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг  7 ойи мобайнида "Е-mehmon" электрон тизими орқали рўйхатдан ўтиб, Қашқадарё вилоятидаги жойлаштириш нуқталарига 73 та хорижий мамлакатдан 6 минг 433 нафар турист келган. Вилоятда мавжуд туристик намойиш объектлари ва инфратузилма ҳудудларига эса бу вақт ичида 79 та хорижий мамлакатдан 18 минг 722 нафар турист ташриф буюрди.

Вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан вилоятимизда бўлган расмий делегациялар ва дипломатик корпус вакилларининг хавфсизлиги таъминланиб, хорижий туристларга нисбатан ёки улар томонидан жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Ўз навбатида ўтган 7 ойда 613 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳ вилоятимизда бўлди.

Ташриф объектларида хизмат олиб бораётган ходимларга турли масалаларда ёрдам сўраб 1 минг 818 нафар хорижлик сайёҳ мурожаат қилган бўлиб, бу мурожаатларнинг 1 таси йўқотилган буюмларни топиб бериш, 6 таси тиббий ёрдам кўрсатиш, 571 таси бошқа масалаларда, 1240 таси йўналиш кўрсатиш борасида ва барчаси бўйича зарур ёрдам кўрсатилди.

Маҳаллий сайёҳлар эса 1 марта тиббий ёрдам кўрсатиш, 2172 та йўналиш кўрсатиш, 940 та бошқа масалалар бўйича мурожаат қилган.

Қайд этиш жоиз, тегишли давлат органлари ва ташкилотларига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, хавфсизлик чораларини кучайтириш ва туристларга қўшимча қулайликлар яратишга оид масалалар бўйича бошқарма томонидан таклиф ҳамда тақдимномалар киритиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги "Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида хавфсиз туризмни таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича "Йўл харитаси"нинг тегишли бандлари ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор    ишлар бажарилди.

Жумладан, вилоят ҳокимининг   2019 йил 20 апрелдаги қарори асосида вилоятда хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ҳамда ишчи гуруҳ тўғрисидаги низом тасдиқланди. 2019 йил 1 июнь куни вилоятда хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича 2019 йил июнь-декабрь ойларига мўлжалланган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Бу ўз навбатида сайёҳларнинг бемалол сайр қилиши, ўзини хавфсиз ҳис қилишларида муҳим аҳамиятга эга. Чунки жаҳон амалиётидан биламизки, нотинч, осойишталик кафолатланмаган жойга ҳеч кимнинг боргиси келмайди.

Айтиш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги "Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан 2017-2020 йилларда Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар  дастури тасдиқланган бўлиб, унда тезкор ва махсус тадбирлар давомида хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари махсус воситалар билан жиҳозланган "Isuzu" автобуси билан таъминланиши кўрсатилган эди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги қарори талабларига мувофиқ, туристик намойиш объектларида ва туристлар томонидан республика бўйлаб ҳаракатланиш учун фаол фойдаланилаётган автомобиль йўлларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш кўзда тутилганди.

Шунга мувофиқ, вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ихтиёрига Ички ишлар вазирлиги томонидан 2 дона "Isuzu" автобуси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан 3 дона енгил автомобиль берилди. Зарур техника воситалари албатта белгиланган талабларни самарали бажаришда муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда Шаҳрисабз шаҳрининг мамлакатимиз иқтисодиётида   тутган ўрнини инобатга олган ҳолда, шаҳарнинг саноат салоҳиятини янада кенгайтириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал қуриш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш мақсадида шу йилнинг 2 августида Вазирлар Маҳкамасининг "2019-2020 йилларда Қашқадарё   вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрини   комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарори қабул қилинганидан хабарингиз бор.

Қарор билан тасдиқланган хизматлар соҳаси, сервис инфратузилмаси, туризм ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига асосан, 313 миллиард 854 миллион сўмлик 64 та лойиҳани татбиқ этиш орқали, 2019 йилда 615 та, 2020 йилда 307 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилганини қайд этиш ўринли.

Маълумки, кўпгина оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет нашрлари мазкур қарорда кўрсатиб ўтилган бир қоидага асосий эътиборини қаратди. Яъни, Шаҳрисабз шаҳрининг ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган қисмида амалга ошириладиган қурилиш лойиҳалари ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси марказининг фақат ижобий хулосаси олингандан сўнг амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Бу борадаги лойиҳалар биринчи навбатда, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга, иккинчи навбатда, Шаҳрисабз шаҳрининг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида туристлар оқимининг кўпайиши омили бўлади.

Ҳеч кимга сир эмаски, хавфсиз туризмнинг таъминланиши нафақат сайёҳлар сонини кўпайтиради, балки мамлакатимиз, шаҳару қишлоқларимиз ҳақида дунё нигоҳида ижобий тасаввур кучайишига туртки бўлади.

Н.ХЎЖАЕВ ёзиб олди.

Report typo