Қайд этилишича, мазкур видеолавҳа жорий йилнинг 13-14 апрель кунлари бўлиб ўтган “Мир отдыха-2017” Халқаро туризм кўргазмаси давомида Қашқадарё вилоятининг стендида илк бор кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган. Ушбу тақдимот кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлар, шунингдек, мамлакатимиз туризм индустрияси профессионаллари томонидан юқори баҳоланган.
Видеолавҳанинг асосий мазмунига тўхаталадиган бўлсак, у вилоятимиз аҳолисига хос миллий либос кийган ва қўлида анор тутган қиз тасвиридан бошланади. Лавҳанинг давомида воҳамизнинг тарихий, этнографик, гастрономик, экологик туризми салоҳияти бор бўйича кўрсатилади. Яъни унда диққатга сазовор жойлар, ўлмас қадриятларимиз, хусусан, кўҳна ва қадим Шаҳрисабз шаҳрининг ўтмиш ва замонавийлик уйғунлашган бугунги қиёфаси, лойга ишлов бераётган кулолнинг фаолияти, миллий таомимиз бўлмиш палов ва тандир гўшти, тарихи бир неча юз йилларга бориб тақалувчи ёдгорликлар намойиш этилади. Шунингдек, тақдимотда кураш ва кўпкари сингари миллий спорт турларимизга ҳам ўрин ажратилган. Қолаверса, лавҳа ҳудуднинг ривожланган туризм инфратузилмаси, жумладан, темир йўлда йўловчи ташиш хизмати имкониятларини ҳам акс эттирган.
Ушбу видеолавҳа келгусида махсус тадбирлар, миллий стендларда кенг тақдим этилиши, туристик компаниялар ундан Қашқадарё вилояти бўйлаб саёҳат ва экскурсиялар уюштиришни кўзда тутувчи реклама маҳсулоти ва туристик пакетларни тайёрлашда фойдаланилиши мумкинлиги таъкидланган.
М.ЖЎРАЕВ