Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Вилоятимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш талаб даражасидами?

Шоҳиста БОЗОРОВА

16.06.2023


Вилоятимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш талаб даражасидами?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1994 йилдан эътиборан 17 июнь Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни сифатида кенг нишонланмоқда. Чўлланиш – қурғоқчил иқлимли ўлкаларда экологик тизимларнинг бузилиши, улардаги органик ҳаётнинг барча шакллари ёмонлашувига ва натижада табиий иқтисодий имкониятларнинг пасайиб кетишига олиб келувчи табиий географик ҳамда антропоген жараёнлар мажмуи.

Бу жараёнлар табиий ўсимликлар турлари ва миқдорининг камайиши, тупроқ эрозияси, тупроқнинг шўрланиши ва унумдорлигининг камайиб кетишидан иборат. Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш борасида воҳамизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу ҳақда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси йиғма ахборот таҳлил  шуъбаси бошлиғи Хуршид САМАДОВ қуйидагиларни айтиб ўтди:

- Қурғоқчилик ва чўлланиш муаммоси бугунги кунда бутун дунё диққат-эътиборида. Чунки бу муаммо бутун инсониятга ижтимоий ва иқтисодий зарар келтириб, дунё миқёсида экологик таҳдид хавф солмоқда. Табиатнинг ушбу салбий жараёни, авваламбор, ер шарининг 1/3 қисмини эгаллаган қурғоқчилик ва чўлланишда яшаётган халқлар ҳудудларига тўғри келмоқда. Унинг олдини олиш, бу долзарб масалага бутунжаҳон ҳамжамиятининг эътиборини кенгроқ жалб этиш, экологик муаммога қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 1994 йилда БМТ томонидан чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича конвенция қабул қилинди. 1995 йилда эса мазкур конвенция давлатимиз томонидан ратификация қилинган.

Жаҳон миқёсида юз берган жараёнлар таҳлили шуни кўрсатадики, ҳозирги вақтда иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши, чўлланиш ва ерларнинг деградацияси, биохилма-хилликнинг қисқариши, ичимлик сувининг ифлосланиши ва етишмаслиги, ўрмон ва тупроқ инқирози инсоният учун ниҳоятда долзарб глобал экологик муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Мамлакатимизда ҳам чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан,  2019-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. У 15 банддан иборат бўлиб, республикамиз учун энг долзарб қайноқ ҳудудлар танлаб олинган ва ушбу йиллар ичида бир қатор ишларни амалга оширишга эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги қарори билан 2021-2030 йилларда мелиорация объектлари атрофида ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун иҳота дарахтзорлари барпо этишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланган бўлиб, 2030 йилгача 28 минг 700 гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этиш давлат дастурига киритилган. Келгусида чўлланишга ва қурғоқчиликка қарши курашиш ишларини янада самаралироқ ташкил этиш мақсадида чўлланиш ва ерларнинг таназзулига (деградациясига) қарши актуал масалаларни муҳокама қилиш бўйича халқаро платформа ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Вилоятимизда ҳам чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши бир қанча ишлар амалга оширилган. Жумладан, бошқармамиз томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича манзилли “Йўл харита”си ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Унга кўра, 2023 йил баҳор ойларида 10,180 миллион дона кўчат экилди. Асосийси экилган кўчатлар “Яшил макон” электрон платформасига тўлиқ миқдорда киритилиб, масъулларга далолатнома асосида бириктирилди, туман ва шаҳар ҳокимлари қарори билан реестрлари шакллантирилди.

Қашқадарё ҳудудида тупроқ шўрланиш даражаси ҳамда ер ости сув  сатҳининг нисбатан юқорилиги сабабли вилоят иқлимига мос бўлган дарахтлар, асосан қайрағоч, жийда, шумтол, япон сафораси, айлант, тут, терак ва мевали дарахтлар ҳамда гул кўчатлари экилди.

Шу билан биргаликда вилоятдаги ҳар бир маҳалладаги кўчалар ва ариқлар бўйлари, кўп қаватли уйлар атрофига 259,4 минг туп мевали ва манзарали дарахт, 337,3 минг дона терак қаламчалари ва 307 минг дона гул кўчатлари экилиб, намунавий кўчалар ташкил этилди. Бу ишларни амалга оширишда жамоат ишлари жамғармасидан 6 миллиард 850 миллион сўмдан зиёд маблағ жалб қилган ҳолда 3 минг 526 нафар ишсиз, биринчи навбатда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг вақтинчалик бандлиги таъминланди.

Вилоятда “Яшил ҳудудлар” салмоғини ошириш мақсадида барча туман ва шаҳарларда 2023 йилда жами 55,6 гектар майдонда “Яшил боғлар”,   38,3 гектар майдонда “Яшил жамоат парклари”, Яккабоғ, Ғузор, Нишон, Китоб, Чироқчи, Касби ва Кўкдала туманларида 35,9 гектар мавжуд истироҳат боғлари негизида жамоат  парклари ташкил этилди. Кўкаламзорлаштириш ҳудудларида 83,5 километрда суғориш тармоқлари қазилди ва 71 та ер ости сув чиқариш қудуқлари қайта тикланди. Шунингдек, шаҳар ва туманлар ободонлаштириш бўлимларига кўкаламзорлаштириш ишларида фойдаланиладиган 13 та махсус техника харид қилинди. Шу билан биргаликда 2023 йил куз мавсумида дарахтлар экиш учун қўшимча мавжуд 33 та кўчатхоналарда 14 миллион дона кўчатлар захираси шакллантирилди.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан Қарши тумани Навоий маҳалласи ҳудудидаги 1 гектар ер майдонда ташкил этилган “Экология боғи”да 565 дона  ҳар хил турдаги манзарали дарахт кўчатлари экилиб, парваришлаш ишлари олиб борилмоқда.

Кўчат экиш ишларини самарали ташкил этиш, агротехник қоидаларга қатъий риоя этиш, парваришлаш ва суғориш ишларини тизимли амалга ошириш бўйича тажрибали агроном, олим ва боғбонлар иштирокида маҳаллалар ҳудудларида илмий-амалий семинарлар ўтказилди. Кўчатларни етказиб бериш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида жами 32 та кўчат ярмаркалари ва 1 та савдо нуқтаси ташкил этилди. Суғориш тизими мавжуд бўлмаган ҳудудларда 56 та махсус техника орқали суғориш йўлга қўйилди.

Вилоятимизда қишлоқ хўжалигини интенсив ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилаш, селекция ишларини чуқурлаштириш, юксак самарали замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва сувдан оқилона фойдаланиш орқали вилоятимизда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга, деҳқон ва фермерларнинг ўз фаолияти давомида дуч келаётган муаммоларини бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Унга асосан жорий йилнинг биринчи чораги давомида бошқарма томонидан табиатга етказилган зарарлар бўйича 95 та даъво ишлари қўзғатилиб, 648 миллион 784 минг сўм миқдоридаги зарар ҳужжатлари судга тақдим этилди. Шундан 25 тасидан ўтган йилги зарар суммалари билан биргаликда 101 миллион 674 минг сўм миқдоридаги зарар суммалари ундириб олинди. Шунингдек, сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 14 нафар фуқарога нисбатан 14 миллион 400  минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб, шундан 11 миллион 892 минг сўм  ундириб олинди.

Мақсадимиз, ўрмонзорлар майдонларини кенгайтириш, янги ўрмонзорлар барпо этиш тадбирларини амалга ошириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш орқали чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олишдир.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

 

 

 

 

 

 

Report typo