Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

15.06.2017


ВИЛОЯТНИНГ ЭНГ НАМУНАЛИ МАСЛАҲАТЧИСИ АНИҚЛАНДИ

Вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтган “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида бу ҳақда алоҳида қайд этилди. Унда кўрик-танловнинг шаҳар ва туманлар босқичида ғолиб бўлган 14 нафар маслаҳатчи нуфузли ҳакамлар, кенг жамоатчилик қаршисида республика босқичи йўлланмаси учун баҳслашди.

Кўрик-танловда иштирокчилар 3 шарт бўйича ўзаро беллашди. Дастлаб танловда маслаҳатчиларнинг маънавий-маърифий ишларни қанчалик самарали ташкил этгани, ҳудудда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, эзгу миллий-диний анъана ва урф-одатларни сақлаш ва ривожлантириш, тўй-ҳашам, маърака ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлари таҳлил этилди. Бунда хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида спортга бўлган эътиборни кучайтириш, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, аёллар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга кўмаклашиш, коллеж ва лицей ўқувчи қизларининг маънавиятини юксалтириш, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий бандлигини таъминлаш каби йўналишларда тўпланган ижобий тажрибаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иккинчи шартда иштирокчиларнинг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маслаҳатчилар фаолиятига оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятига оид билимлари, улар фаолиятида учраётган турли масалаларнинг ечимини топиш юзасидан малакаси, дунёқараши синовдан ўтказилди. Учинчи шартда эса маслаҳатчилар ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли билан самарали мулоқот олиб бориш бўйича ўзларининг нотиқлик санъатини намойиш этишди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, танловда Деҳқонобод туманидаги Аэродром маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Насиба Жабборова 1-ўринга муносиб деб топилди. Қамаши тумани Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Соҳиба Садатова - иккинчи, Косон туманидаги Некўз маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Дилноз Орзиева учинчи ўринга муносиб кўрилди.

Танлов доирасида иштирокчилар фаолиятини акс эттирувчи фотоальбомлар, плакат ва стендлар, ҳунармандчилик ишлари, миллий либослар кўргазмаси намойиш этилди.

Ғолиблар диплом ва “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бир қатор номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.

Таниқли санъаткорларнинг чиқишлари эса кечага байрамона шукуҳ бағишлади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратда: танлов ғолиблари.

 

 

 

 

Report typo